Суперлига 5-тур превью. “Навбаҳор” – “Пахтакор”

Coca Cola Суперлига 5-тури доирасида “Навбаҳор” ўз майдонида Тошкентнинг  “Пахтакор”  клубини қабул қилади.

Суперлига (олий лига)мизнинг мунтазам иштирокчиси бўлган мазкур клубларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, жамоалар ҳозиргача 60 марта ўзаро рўбарў келишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик  пойтахтликлар тарафида. Ўтказилган баҳсларнинг 37тасида  “шерлар” зафар қучишган бўлса, 13та ўйинда “лочинлар” ғалаба қозонишган, 10 та учрашувда эса дуранг қайд этилган. “Пахтакор” “Навбаҳор” дарвозасига 101 та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 47 та тўп ўтказиб юборган.

Ўзаро ўйинларда “шерлар” 121, “лочинлар” эса 49 очкони қўлга киритишган.

Ушбу  жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб – 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.

Айни пайтгача Наманганда бўлиб ўтган 30 та баҳснинг 12 тасида “лочинлар” ғалаба қозонишган бўлса, яна 12 тасида тошкентликлар зафар қучишган, 6 та ўйинда эса дуранг қайд этилган.

“Навбаҳор” ўз майдонидаги ўйинларда “Пахтакор” дарвозасига 28та гол уриб, ўз дарвозасидан 34та тўп ўтказиб юборган.

Ўтган йили Наманганда бўлиб ўтган баҳсда дуранг – 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўша ўйинда “лочинлар”нинг голига Азизбек Турғунбоев, “шерлар”никига эса Игорь Сергеев муаллифлик қилишганди.

Таъкидлаш жоизки, Турғунбоев айни пайтда “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйини бугун 7 апрель куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда соат 18:30 да старт олади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг