Муроджон Аҳмадалиев иштирокидаги жаҳон чемпионлик камарларининг бирлаштирувчи жанг Тошкентда ўтказилиши мумкин

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида WBA ва IBF чемпионлик камари соҳиби Муроджон Аҳмадалиевнинг бошқа камарларни бирлаштирувчи жанги Тошкентда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда спортчининг ўзи GoSport мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

«Кечаги ғалабадан сўнг, режа бўйича яна бир марта ўз камарларимни ҳимоя қилиш учун АҚШда рингга кўтариламан. Бу жанг кимга қарши бўлиши ҳозирча номаълум. Кейинроқ расмий маълумотлар берилади. Ўшандан кейин эса тўртта камарни бирлаштирувчи жангда иштирок этишни режа қиляпмиз ва ўша жанг Тошкентда бўлиб ўтиши асосий режаларимиздан бири.

Биз яхши бокс оқшоми ташкил қила олишимизни исботладик ва промоутерларимиз ҳам келгусида ҳам шундай нуфузли мусобақаларни Тошкентда ўтказишни режа қилишаётганини билдирди. Насиб бўлса, тўртта камарни ҳам бирлаштирувчи жанг Тошкентда бўлиб ўтади», дея гапириб ўтди Аҳмадалиев.

Шунингдек, Муроджон Стивен Фултоннинг ижтимоий тармоқлардаги фикрига жавоб қайтарди: «Фултон? У гапираверади. Ҳаммасини ринг ҳал қилади. Вақти келганда гаплашамиз. Ўшанда ким кучлилигини кўрамиз».

Маълумот учун, ушбу вазн тоифасида WBC чемпионлик камари Луис Нерига (31-0, 24 КО) WBO чемпионлик камари эса Стивен Фултонга (19-0, 8 КО) тегишли. Бу иккала боксчи ҳам Premier Boxing Champions (PBC) промоутерлик компанияси мижозлари саналишади. Хабарларга қараганда, улар ўртасида иккита камарни бирлаштирувчи жанг ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Агар шундай бўлса, Муроджон режа бўйича ғолиб боксчига қарши рингга чиқиши кутилмоқда. Жанг тахминан 2022 йил бошларида ташкил қилиниши мумкин.

Аммо Matchroom Boxing ва PBC промоутерлик компаниялари одатда битта жанг оқшомини ташкил қилиш бўйича келиша олишмайди. Бу жангни ўтказиш бўйича қандай келишув имзоланиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг