Миржалол Қосимов: “Ўзбек клубларининг халқаро майдондаги аввалги мавқеини қайтариш учун ҳам курашамиз!”

Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф баҳси доирасидаги Қатарнинг «Ал Ғарафа» – ОКМК учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди ва унда олмалиқликлар устози Миржалол Қосимовга Санжар Турсунов ҳамроҳлик қилди.

«Авваламбор, анжуманга йиғилган иштирокчиларга Ассалому алайкум! Арабча тушунмасам ҳам, бошловчи томонидан билдирилган илиқ сўзлар учун миннатдорчилик билдираман.

ОКМК жамоасининг мақсади халқаро мусобақаларда иштирок этиш. Клуб инфратузилмаси ҳам охирги йилларда айнан шу мақсадга эришиш учун йўналтирилган. Қолаверса, Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади ва мамлакатимизда футбол ишқибозлари жуда ҳам кўп. ОКМК Олмалиқ шаҳридаги жамоамизнинг ашаддий мухлислари учун ҳам борини бериб ҳаракат қилади. Шунингдек, халқаро майдондаги иштирок пайти Ўзбекистондаги барча ишқибозлар ҳам бизга бефарқ бўлишмайди, деб ўйлайман.

Клуб раҳбарияти ОКМК жамоаси катта мақсадлар сари интилиши учун барча шароитларни яратиб берган. Шу боисдан ҳам жамоамиз ишончни оқлашга ҳаракат қилади.

Аллоҳга беҳисоб шукур, Қатарга яхши ниятлар билан келганмиз. «Ал Ғарафа» яхши жамоа. Рақибни ўрганиб чиқдик. Гарчи «Ал Ғарафа» ички чемпионатида яхши иштирок этолмаётган бўлса-да жиддий рақиб. Кучли мутахассис қўл остида юқори малакали футболчилар йиғилган. Қолаверса, легионерлари, хусусан Ку Жа Чол, Гедейра, Ҳанни ва Морено каби индивидуал кучли ижрочилар мавжуд.

Рақибнинг ўйинларини кўриб чиқдик. Авваламбор ўз ўйинимиздан келиб чиқиб ҳаракатланамиз. Бу гуруҳ босқичи эмас, балки бир ўйиндан иборат баҳс. Қийин тарафи шу. Бу нафақат биз учун, балки «Ал Ғарафа» учун ҳам кичик муаммо. Бу футбол. Нима бўлишини эртага кўрамиз.

Энг муҳими, ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Футболчиларимиз ўйиннинг қиймати нақадар юқори эканлигини яхши ҳис этиб туришибди. Биз нафақат жамоамиз шаъни, балки ўзбек клубларининг халқаро майдондаги аввалги мавқеини қайтариш учун ҳам курашамиз. Чунки охирги йилларда ОФКда рейтингимиз тушиб кетган. Авваллари 3та ўзбек клуби гуруҳ босқичидан иштирок этарди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 1+1га айланган.

Ҳали таъкидлаганимдек, эртанги баҳс бир учрашувдан иборат. Шу боисдан ҳам бўлажак беллашувда имкон қадар камроқ хато қилиб, юзага келадиган вазиятлардан максимал фойдаланишимиз зарур», – дея Миржалол Қосимовнинг сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.

Санжар Турсуновга қатарлик журналист томонидан берилган «Нима деб ўйлайсиз, эртанги ўйин якунлангани ҳақидаги ҳакам хуштагидан сўнг ОКМК жамоасининг орзулари тўхтайдими ёки давом этадими?» саволга жамоа сардори шундай жавоб қайтарди:

«Эртага бизни қийин ўйин кутиб турганини биламан. «Ал Ғарафа» чемпионатда қониқарли ўйнай олмаётган бўлсада, ОЧЛ буткул бошқа мусобақа ва бунга чалғимаслик лозим.

Ҳаммаси битта ўйинга боғлиқ. Ҳар қандай жамоа бир ўйинга бошқача кайфиятдаги муносабат билан тушиши мумкин. Шуни айтишим мумкинки, ОКМК «Ал Ғарафа»дан қўрқмайди, лекин рақибни ҳурмат қилади.

Эртага ғалаба қозониб, Олмалиққа байрам тақдим этиш ва Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги мавқеини кўтариш учун боримизни бериб ҳаракат қиламиз», – деди Санжар Турсунов.

Маълумот учун, ОЧЛ саралаш плей-офф ўйини доирасидаги бир ўйиндан иборат «Ал Ғарафа» – ОКМК учрашуви 7 апрель куни Қатарда ўтказилиб, соат 20:20да бошланади. Ғолиб жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олади.

 

Tribuna.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг