Ўзбек футболчилари қанча маош олади? (еврофутбол билан солиштирамиз)

Футбол — жамиятимизда энг кўп муҳокама қилинадиган соҳалардан бири.
Аксар кишилар унга танқидий кўз билан қараши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Баъзан футболчиларга ўз даражасига нисбатан юқори маош тўланиши ҳақида гапириб, нолишганини ҳам эшитиб қоламиз. Хўш, аслида ҳам шундайми?

Ушбу саволга жавоб топиш учун Ўзбекистон Суперлигасида тўп тепадиган бир неча нафар футболчи билан суҳбатлашиб кўрдик.  Қуйида “Пахтакор” жамоасининг номи ошкор қилинишини истамаган вакилининг маоши (мукофот пуллари ҳисобга олинмаган) ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

Демак, унинг йиллик маоши – 152 400 000 (бир юз эллик миллион тўрт юз минг) сўм. Ойлик маоши эса – 12 700 000 (ўн икки миллион етти юз минг) сўм. Яъни у кунига 417 534 (тўрт юз ўн етти минг беш юз ўттиз тўрт) сўм ишлаб топади. Бу соатига 17 397 (ўн етти минг уч юз тўқсон етти) сўмга тўғри келади.

Энди эса дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан бири Виржиль ван Дейкнинг даромади ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

Нидерландиялик футболчининг йиллик маоши 178 739 513 964 (бир юз етмиз саккиз миллиард…) сўмни ташкил қилади. У ойига 14 894 959 497 (ўн тўрт миллиард…), кунига 496 498 649 (тўрт юз тўқсон олти миллион…) даромад қилади. Энг қизиғи, “Ливерпуль” футболчисининг даромади соатига 20 687 352 (йигирма миллион…) сўмни ташкил қилади.

Энди иккаласини солиштирамиз. Виржиль ван Дейк бир суткада камида 7-8 соат ухлайди. Ва 1 кунлик уйқуси давомида “Пахтакор” футболчисининг йиллик маошидан кўпроқ пул топади…

Фахриддин Рўзиев, championat.asia

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг