ТОТАЛ ФУТБОЛ ТАРИХИ ёхуд бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун

Футболга қизиқишни бошлаган даврларимда афсонавий Бразилия терма жамоаси ҳамма футбол мухлислари эътиборида эди. Лекин мен учун ўтган аср 70 йилларида жаҳон футболига янги атама «тотал футбол» тушунчасини олиб кирган Голландия(2020 йилдан тўлиқ Нидерландия деб атала бошланди) футболи мени янада футболга ошуфта қила бошлаган…
Тотал сўзи француз тилидан олинган бўлиб, жами ёки барчаси, тўлиқ деган маънони билдиради.

«Тотал футбол» тушунчасини футболга қизиққан ҳар бир инсон эшитган. Футбол тарихи билан шуғулланувчи инсон бўлса, бундай футболни Нидерландия футбол жамоалари ва Нидерландия терма жамоаси ўтган асрнинг 70 йилларида ўйнаганини яхши билишади.

Кўп маълумотларга қараганда 1970 йилдан анча олдин ҳам «тотал футбол» тактикаси борлиги аниқланган. Масалан бу тактика «олтин таркиб»га эга бўлган, ўтган аср 40-50 йилларидаги Венгрия терма жамоаси ўйинларида қўлланилган ва кузатилган. Нидерландиянинг «Аякс» (Амстердам) жамоасида ишлаган англиялик мураббий Джек Рейнолдс томонидан бу услубни схематик тузилиши ва футболчиларни жой ўзгартириб, майдонда ҳаракатланиши кўп учрашувларда кузатилганди…

Нидерландиянинг кўплаб ҳудуди денгиз сатҳида пастда жойлашган, шунинг учун ҳам нидерландияликлар ноқулай бўлса ҳам, ерни жуда эъзозлайдилар. Чунки улар асрлар мобайнида ердан унумли фойдаланиб келганлар. Нидерландияликларда шундай мақол бор: « Худо ерни яратди, голландлар Нидерландияни яратди».

Голландлар каналлар, тўғонлар, денгиз қирғоқлардан унумли фойдаланиб, ўз ерларидан унумли фойдаланиш учун денгиздан бутунлай ажратишган. Нидерландия терма жамоаси, «Аякс» жамоаси тренери бўлган Ринус Михелс юртдошлари ўз ерларидан унумли фойдаланганидай, футболда футбол майдонидан жамоа учун керакли бўлган ҳудуддан кенг ва унумли равишда фойдаланишни ўйлаб топади.

Ринус Михелс «Аякс»нинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги яхши марказий ҳужумчиси бўлиб, футбол тренери «алифбо» сини Джек Рейнолдсдан ўрганди. 1965 йилда эса «Аякс» тренери бўлди. Унинг фикрича яхши футболчи «керакли жойда, керакли вақтда бўлиши керак». Михелс бу иқтибосни амалга ошириш учун янги футбол фалсафаси бўлган «тотал футбол»ни яратишга киришди. «Тотал футбол» тактикасида яхшилаб қаралганда, ҳеч қандай мураккаблик йўқ.

Бунгача тренерлар беш ҳужумчи, тўрт ҳимоячи, беш ярим ҳимоячи, бир ҳужумчи ва шунга ўхшаш ҳар хил схемалар ишлатишган. Тренерлар майдонда футболчиларни жойлаштиришда қаттиқ «қолип»ларга солишиб, ҳимоячи, ярим ҳимоячи, ҳужумчиларни турган ҳудудларини алмаштириб, қайсидир чизиқда афзалликка эришмоқчи бўлишиб ҳар хил тажрибалар ўтказишга мажбур бўлишган. Ринус Михелс эса «тотал футбол»ни қўллаб, ўзига хос янги тактикага асос солган.

У жамоаси учрашувларида бутун майдон бўйлаб, жамоасини учрашувда ўйин назоратини бутунлай қўлга олишини чуқур ўйлади.
«Тотал футбол» маъноси шу эдики, ҳар бир футболчи, ҳар доим ҳаракатда бўлиши керак эди. Оддий ҳаракатда эмас, балки чизиқлараро(ҳимоя, ярим ҳимоя, ҳужум чизиғи) ҳаракатда бўлиши керак эди.

Ҳимоячи ярим ҳимоячи ўрнида ёки ҳатто ҳужумчи ўрнида ҳам ҳаракатланиши керак эди. Бошқа тренерлар бу тактикани қўллаганда, ҳужум(олдин)га ўтган ҳимоячи ҳудуди бўш қолиб, рақиб футболчиси бу очиқ ҳудуддан унумли фойдаланиши мумкин эди. Михелс тактикасида эса, бўш қолган ҳимоячи ҳудудига ярим ҳимоячи орқага қайтиб жойлашарди. Агар ҳимоячи яна олдинга -ҳужумчи ҳудудига кириб борса, бояги ярим ҳимоячи ҳудудини орқага қайтган ҳужумчи эгалларди. Бундай «тотал футбол» рақиб жамоага жуда катта қийинчилик туғдирарди. Чунки ўша пайт футбол тактикаларида бир ҳужумчига шахсан(персонал) бириктирилган ҳимоячи, ўша ҳужумчини майдон бўйлаб таъқиб қиларди.

Ҳужумчини майдон бўйлаб қилинган таъқиб натижасида ҳужумчи ҳудуди очиқ қолиб, у ерга ҳужумга ўтган ҳимоячи ёки ярим ҳимоячи кириб келарди, дарвозага қараб ҳужум уюштирарди, тўп киритарди. Михелс жамоаси бу тактикаси билан бошқа жамоалардан яққол устун кела бошлайди…
Кўп мухлислар «тотал футбол» асосан ҳужумга асосланган тактика дейишади, лекин «тотал футбол»да ҳимояга асосланган тактика ҳам ётади. Бу ҳимоя тактикаси кучли ва юқори даражали ҳимоя чизиғига асосланиб, рақиб жамоаларни кўпинча «сунъий ўйиндан ташқари ҳолат»(офсайд)га кўп туширарди.

Ринус Михелс «Аякс» тренери бўлганда, биринчи навбатда ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаган. «Тотал футбол»да Михелс давомчиси, «тотал футбол»ни футболчи, тренер сифатида қўллашда иштирок этган жаҳоннинг машҳур футболчиси Йохан Кройфф шундай деганди. «Мен ҳамма ўйлаганидек ҳужумга эмас, ҳимояга кўпроқ эътибор бераман»…

«Тотал футбол» фалсафасига асосланган, 1965-1971йилларда тренери Михелс бўлган Амстердамнинг «Аякс» жамоаси қаторасига 1971-1973 йилларда Европа чемпионлар кубогини ютиб, Европадаги энг кучли клубга айланади. Ақл бовар қилмайдиган ҳолат; Амстердамнинг бир клуби Европанинг энг кучли жамоасига айланади. Бу тасодиф эмас, қаторасига уч маротаба Европада энг кучли. Чунки ўша пайтда «Аякс» тактикасига ҳеч бир кучли жамоа ҳам мослаша олмаган ва ҳеч ким қарши ўйнолмаган. «Аякс» жамоаси атлетик жиҳатдан кучли бўлган инглизлардан, юқори техникага эга бўлган испанлардан, идеал ҳимоя тактикаси бўлган «Катанеччо»ни қўллаган италиялик футболчилардан ҳам кучли эди, улардан ҳар томонлама устун эди.

1974 йилда «Аякс» жамоаси кўп футболчилари жаҳон чемпионатига боришади, зарҳалдоқ(тўқ сариқ) рангли футболкалар кийишиб, Нидерландия терма жамоасида ўйнашади. 1974йилги жаҳон чемпионатида Нидерландия миллий жамоаси томонидан ижро этилган футбол орқали жаҳон футбол мухлислари «тотал футбол эталони»ни кўришди. Гарчанд Нидерландия финалда ГФР 1:2 ҳисобида ютқазган бўлсада, голландлар томонидан жаҳон чемпионатида ижро этилган футбол, «футбол дарсликлари»га ёзилди. Жаҳон чемпионатидан кейин жаҳондаги кўплаб тренерлар бу тактикани ўз жамоаларида ҳар томонлама қўллашди. Лекин уларни ҳеч бири ҳеч нимага эриша олмадилар, бунақа футболни кўрсата олмадилар.

1978 йил жаҳон чемпионатида Михелс анъаналарини Нидерландия терма жамоаси устози бельгиялик Эрнст Хаппель давом эттирди. У «тотал футбол» тактикасини озгина янгилаб, ўзининг қаттиққўл услубига ўтди. Хаппель билан ҳам Нидерландия терма жамоаси финалгача бориб, Аргентинага 1:3 ҳисобида ютқазди…

«Тотал футбол» жаҳон чемпионатида Нидерландия терма жамоасига чемпионликни олиб бермаган бўлсада, жаҳонда футболни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шундан кейин бирор бир футбол жамоа тактик схемасида «тотал футбол» элементлари бўлмаган тактика қолмади. «Тотал футбол» элементларига ярим ҳимоячилар олдинга ўтган ҳимоячини ҳудудига ўтиши, ҳимоячилар бурчак зарбалари тепилган пайтда голда иштирок этиш учун олдинга ўтиши, ҳужумчилар тўпни қабул қилиш учун майдон марказига қайтиши ва бошқа элементлар киради.

Ринус Михелс яратган «тотал футбол» ғоясини ёрқин давомчилари ҳам бор. Масалан Киевнинг «Динамо» жамоаси тренери Валерий Лобановский, ўз устози Михелс ғояларини «Барселона»да ривожлантирган Йохан Кройфф. «Милан» жамоаси афсонавий нидерланд футболчилари Рууд Гуллит, Марко ван Бастен ва Франк Райкаард «тотал футбол» тактикасини майдондаги етук ижрочилари эди. Улар ижроисидаги «тотал футбол» тактикаси билан Милан 1989,1990йилларда Европа чемпионлар кубогини қўлга киритишади. «Барселона»да тренерлиги пайтида Хосеп Гвардиола ҳам «тотал футбол» тактикасини амалга оширган эди. 1980 йил ўрталарида Нидерландия терма жамоасига қайтган, «тотал футбол» асосчиси Ринус Михелс Нидерландия терма жамоасини 1988 йилда яна «тотал футбол» тактикаси билан Европа чемпиони қилади…

«Тотал футбол» тактикаси билан футбол ўйнашни ўзига хос қийинчиликлари ҳам бор. Энг асосий қийинчиликлардан бири тактика ижрочилари танлаш эди. Ринус Михелс қисқа муддатда кучли юлдузли таркибли жамоани йиғди. Лекин фақат кучли таркибни ўзи ҳал қилувчи рол ўйнамасди, ҳамма масалани ҳал қила олмас экан.

«Тотал футбол» ўйнаш учун, асосан ҳар бир футболчи жисмонан «идеал машина» сифатида, бутун учрашув вақтида тинмай ҳаракат қилиши керак эди. Хоҳ футболчи машҳур узатма соҳиби, хоҳ кучли тўпурар бўлса ҳам озгина имтиёз ҳам берилмасди. Яна бир асосий кўрсаткичлардан бири ҳар бир футболчи идеал тактик тайёргарликка эга бўлиб, ҳис-туйғу орқали қачон ўз жамоа футболчиларига орқага ўтиб ёрдам бериш, қайси томонга узатма қилиш, шерикларидан узатма олиш учун қаерга югуриш, дарвозага тўп киритиш учун қайси позицияни танлашни билиши керак эди. Ринус Михелсга эса омад кулиб боққанди.Чунки уни қўл остида «тотал футбол»ни ҳақиқий футболчилари, «Аякс»да тарбияланган, кўп йиллардан бери бир жамоада ўйнаб, майдонда бир-бирини билган ва яхши тушунадиган идеал футболчилар бор эди. Шуни билиш керакки, ҳатто жамоага ўнта машҳур футболчи сотиб олиб ҳам, футболчиларни бундай бир-бирини тушунишга эриштириш жуда қийиндир. Улар ҳеч қачон «тотал футбол» ўйнай олмасди.

Михелс тактикасида асосан жамоавий ўйин индивидуализмдан устун туришига катта урғу берилган. Бу футболчидаги индивидуализмни тақиқлаб қўйилди дегани эмас. «Тотал футбол»да яна футболчининг индивидуал сифатларига ва ақл-идрок (интелект)ига катта аҳамият берилган. Масалан Йохан Кройффни «рассом» ва «бутсили Пифагор» деб аташган. Агар «тотал футбол»да жамоа манфаати масаласи қўйилса, индивидуал сифатларига ва ақл-идрокга эга Кройфф иккинчи масалага айланарди…
«Тотал футбол» бу футболдаги тактика, ижтимоий ўзгаришлар ривожланиши натижасидир.Тотал футбол тактикаси ҳозирги даврда ҳам кундан-кунга ўзгариб бормоқда…

 

Абдурашид Кузибаев

Дўстларингизга билан баҳам кўринг