Муроджон Аҳмадалиев Рёсуке Ивасани нокаутга учратди ва чемпионлик камарларини ҳимоя қилди (+видеошарҳ)

Профессионал бокс бўйича иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида WBA ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев (9-0, 7 КО) 3 апрель куни Тошкент шаҳрида навбатдаги жангини ўтказди.

Humo Arena’да бўлиб ўтган бокс кечасида Аҳмадалиев мажбурий даъвогар Рёсуке Ивасага (27-4, 17 КО) қарши рингга кўтарилди.

Беллашув Аҳмадалиевнинг фаоллиги билан бошланди. Дастлабки уч раунд тўлиқ Муроджоннинг устунлигида ўтди. Тўртинчи раундга келиб япониялик боксчи вазиятни бироз ўнглашга эришди. Бешинчи раундда Аҳмадалиев зарбалар сериясини ижро этди ва ҳакам жангни муддатидан аввал жангни тўхтатди.

Шу тариқа Тошкентда ўтган бокс кечаси ўз ниҳоясига етди. Мусобақада рингга кўтарилган 8 нафар ўзбекистонлик боксчининг барчаси ғалабага эришди.

Мазкур бокс оқшомида Иқболжон Холдоров профессионал рингдаги дебют жангида танзаниялик рақибини нокаутга учратди, Санжар Турсунов украиналик боксчини мағлуб этди, Ҳасанбой Дўстматов нокаут билан ғалаба қозониб, WBA International камарига эга чиқди. Баҳодир Жалолов латвиялик боксчини муддатидан аввал таслим этди, Миразизбек Мирзахалилов дебют жангини 1-раунддаги нокаутли ғалаба билан якунлади, Исроил Мадримов 10 раунд давом этган баҳсда енгилмас спортчини енгди. Шаҳрам Ғиёсов эса мексикалик боксчини муддатидан аввал таслим этди.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадалиев 2020 йилнинг январида Даниэль Романни мағлуб этиб, бир йўла иккита чемпионлик камарига эга чиққанди.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг