Исроил Мадримов жаҳон чемпионлик камари учун кимга қарши рингга чиқади?

Супер ярим енгил (-69,85кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Исроил Мадримов WBA йўналишида чемпионлик камари учун расмий даъвогар саналади. Яқин орада у чемпионлик камари учун жанг қилиши керак. Боксчининг менежери Вадим Корниловнинг GoSport нашрига маълум қилишича, Исроилга WBA Gold камари соҳиби Мишель Сорога қарши рингга кўтарилиши режалаштирилмоқда.

«Амалдаги чемпион Эрисланди Лара ўрта вазнда чемпионлик учун рингга чиқаётгани билан бу вазндаги камарини ташлаб кетиш-кетмаслиги аниқ эмас. Шу боис олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Лекин биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Чемпионлик жангини ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Ҳозир асосий номзод франциялик Мишель Соро бўлиб турибди.

Лекин бир нарсани ҳисобга олишингиз керак, Исроил яқинда жиддий операцияни бошидан ўтказди. Эртанги жангига бир ойгина тайёрлана олди. Кўп вақти тикланишга кетди. Биринчи навбатда уни эртага жуда жиддий рақиб кутиб турибди. Жароҳатдан кейин қанчалик ўзини кўрсата олиши муҳим. Шунга қараб биз ҳам келгуси режаларни тузамиз.

Бизга қолса, шошмаганимиз маъқул чунки, жароҳатдан кейин унинг ҳолати қандай бўлиши муҳим. Сентябр-октябр? Бу қийин масала. Менимча бир йил ичида бўлиши керак бу жанг. Асосийси ўша жангга тайёр етиб бориш», дея гапириб ўтди Корнилов GoSport мухбири билан суҳбатда.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг