AIBA президенти Ўзбекистон ҳақиқий бокс мамлакати эканлигини эътироф этиб ўтди!

AIBA президенти Умар Кремлёв иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди

Бугун, 2 апрель куни Миллий олимпия қўмитасида Халқаро бокс федерацияси президенти Умар Кремлёв иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Кремлёвдан ташқари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари ва Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, ОАВ ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Анжуман давомида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов сўзга чиқиб, юртимизда мамлакатимиз раҳбари томонидан спортга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароит ҳақида гапирди.

Сакен Полатов эса олдимизда турган вазифа жиддий эканлиги, мамлакатимизда боксни янада ривожлантириш учун AIBA билан ҳамкорликда бир неча лойиҳалар олиб борилишини айтиб ўтди.

AIBA президенти Умар Кремлёв эса Ўзбекистон бокси жаҳон миқёсида тан олинганини, Ўзбекистон ҳақиқий бокс мамлакати эканлигини эътироф этиб ўтди.

Шунингдек, тадбирнинг кульминацион нуқталаридан бири – AIBA президенти 2023 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга ишониб топширилганлигини эълон қилгани бўлди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси маслаҳатчиси Малик Бабаев томонидан 2023 йилги жаҳон чемпионати учун тайёрланган тақдимот ўтказилди.

Сўнгра ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан анжуман иштирокчиларига мурожаат қилишди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Дўстларингизга билан баҳам кўринг