⚡️ Мухлис фикри бир тийинми? Клуб тақдири-чи?

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси “Навбаҳор”га яна жарима қўллади. Сумма кичкина эмас. Тўғри, ўша ўйинларда майдонга буюм улоқтирганларни оқлаб бўлмайди. Лекин Ассоциация шу тариқа мавжуд вазиятни ўнглай олармикан? Ўзи шундоқ ҳам мамлакатимиздаги аксарият стадионлар ҳувиллаб ётган бир пайтда саноқли гавжум трибуналарни ҳам сийраклаштиришдан ким манфаатдор? Футболимизни шунақа қилиб ривожлантирмоқчимизми?

Экран қаршисида ўтириб, клавиатура шарақлатиб, миллионлаб жарималар ёзиш, ўйинларни мухлиссиз ўтказиш билан огоҳлантиришдан осони йўқ. Ундан кўра, офисдан чиқиб, ишқибози кўп вилоятларга бориб, у ердаги футболсеварлар фикри билан қизиқиш, тартиббузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш маъқул эмасмикан? Мухлислар билсин, жарима ёзишга уста бўлган Тартиб-интизом қўмитасида кимлар ишлашини. Афтидан, ЎФА вакилларида бунинг учун хоҳиш йўқ, улар учун мухлис фикри бир тийин, шекилли.

Ҳамма ишни клуб ўзи ҳал қилиши керакми? Ўзи шундоқ ҳам ПФЛ клубларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани етмагандек, катта-катта талаблар қўйишдан чарчамаяпти-ку. Энди буёқда ЎФА жарималари ортиқча эмасми? Бугунги ўзбек футболи ортиқча харажатларни хушламайди, шуни тушунишимиз керак. Ундан кўра, клубларга вазиятни ўнглаш бўйича чора кўрсатинг, ЎФА мутасаддилари, ПФЛ раҳбарлари, ЧОРА кўрсатинг! Ана шунда футболимиз ривожи йўлида қандайдир иш қилган бўласиз, клуб тақдирига бефарқ эмаслигингизни кўрсатасиз.

Футбол – мухлислар билан жозибали! Ҳувиллаган стадионларда АПЛ ўйинлари ҳам татимаяпти. Шундай паллада “Навбаҳор” сингари мухлиси кўп жамоалар иштирокидаги ўйинлар сал бўлсада Суперлигага чирой бағишлаб турибди. Шуям бекор қилинса… ЎФАнинг позициясини тушуниш қийин…

@umarovutkir

Дўстларингизга билан баҳам кўринг