Жиззахда армрестлинг бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди

Жиззах шаҳридаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг армрестлинг тури бўйича 2003-2007 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ўтказилган ҳудудий саралаш мусобақаси ғолиблари, шунингдек, вилоят терма жамоалари, армрестлинг (клублари) жамоалари иштирок этди.

Ушбу спорт тадбирини ўтказишдан кўзланган мақсад – аввало ёшларни армрестлинг спорт турига жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантиришдан, армрестлингни аҳоли ўртасида оммалаштириш ва уни янада ривожлантириш, мусобақаларни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, тренер ва ҳакамларнинг малакасини оширишдан иборат.

Мусобақага юртимиздаги аксарият ҳакамлар ва тренерлар йиғилганидан фойдаланган ҳолда иштирокчилар учун семинар ва мастер-класс ҳам ташкил этилди. Халқаро тоифадаги ҳакам Султон Неъматуллаев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи эса баҳсларни одилона бошқариб боришди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Самарқанд вилояти вакилларига насиб этди. Улар 19та олтин, 25та кумуш ва 20та бронза медалига сазовор бўлди. 6та олтин, 18та кумуш ва 26та бронза медалини қўлга киритган Тошкент вилояти жамоаси эса 2-ўринга лойиқ кўрилди. 3-ўринни 5та олтин, 16та кумуш ва 11та бронза медали билан мезбонлар – Жиззах вилояти жамоаси эгаллади.

 

minsport.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг