Футболда “Футболка” сотиш қанча фойда келтиради?

Футбол бугунги кунда катта фойда олиб келадиган бизнес турига айланиб бўлган. Тотализатор, “бақувват” ҳомийлар билан астрономик суммадаги шартномалар, ютуқ учун бериладиган мукофот пуллари… Бу қаторга кичик фойда олиб келадигандек кўринадиган аслида эса акси бўлган яна бир нарсани қўшиш мумкин. Бу — футбол жамоаларининг либослари, футболкаларининг сотувидан тушадиган фойда. Ростдан ҳам футболкаларни сотишдан жуда катта фойда кўрса бўладими? Албатта, ҳа. Суратда кўриб турганингиз — Манчестер Юнайтед жамоасининг 2019/20 (чап томонда) фойдаланган ва 2020/21 йилги (ўнг томонда) яъни бу мавсум учун фойдаланаётган асосий либослари. Ўтган мавсумда фойдаланилган либоснинг нархи — 35 фунт (48 доллар), бу мавсумдаги либоснинг нархи — 63 фунт (85 доллар).

Вақт ўтиши билан фойдаланилмай қўйилган либосларнинг нархи арзонлаб, жорий мавсумдаги либосларнинг ярим нархини ташкил этиб бораверади. Ҳар йили шу ҳолат такрорланаверади. Клубларнинг ҳар мавсум учун янги стилдаги либослардан фойдаланишдан мақсад ҳам фойдани ошириш (мажбурий ҳолатлардан ташқари). Бу фақат уй либослари. Бундан ташқари клубларнинг меҳмондаги “формаси” ва 3-либослари ҳам худди шу тартибда ва нархда сотилади. Клублар ўйин учун алоҳида, машғулот учун алоҳида, халқаро турнирлар учун алоҳида либослардан фойдаланишади. Қишги-ёзги режимда. Ва бу либослар ҳам албатта сотувга чиқарилади. Бугунги кунда муҳлислик шу даражадаки, ишқибозлар севимли жамоалари билан ҳамнафас бўлишни хохлашади ва барча турдаги либосларни сотиб олишади. Бу борада айниқса, ёш болалар учун тайёрланадиган махсус ўлчамдаги либосларнинг “бозори чаққон”. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Агар мухлис ўз севимли жамоасининг футболкасига ўзининг исми-шарифи ва севимли рақамини ёздирмоқчи бўлса, қўшимча тўлов қилиши шарт бўлади. Футболкага ёзиладиган ҳар битта ҳарф ва рақам учун қўшимча 1 фунт (деярли 1,5 доллар) нарх белгиланган. Масалан, Аҳмад — 77. Ҳисоблаб олаверинг. Камига футболка енгида Премьер Лига рамзи бўлган шер тимсоли бор логотипни ҳам қўйилишини ва шу билан либос ҳақиқийдек кўринишини хохлаганлар яна қўшимча £3 фунт (4,5 доллар) тўлашга мажбур (шу фойда кўзланиб, либосларда логотип тушуриб қолдирилади) Ўзининг исми-шарифини ва севимли рақамини севимли клубида кўришни истайдиганлар ёки ўзини клубда ишлайдиган расмий ҳодимдек кўринишини хохлайдиганлар қанча ва ундан келадиган фойда ҳам шунга яраша албатта.

Эътиборингизга фақат футболкалар сотувидан келадиган тушумнинг бир кўринишларини мисол қилиб келтирдим. Клуб эмблемаси туширилган оддий футболка, бош кийим, чашкалар ҳам энг кўп сотиладиган буюмлардир. Футболдаги маркетингни бугун идеал ишлаётганини ва футбол аллақачон миллиардлар ўйининига айланганини ҳисобга олсак, бу спорт тури аллақачон энг кўп даромад манбайига эга бизнес турига айланиб бўлган.

Дилшодбек Жамолиддинов

Дўстларингизга билан баҳам кўринг