Синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолибларига медаллар ўз вақтида топширилмаган. Вазирлик расмий баёнот берди

Пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежи сув ҳавзасида синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Қайд қилинишча, 2021 йил бошидан бери сув спорти турлари (сузиш, синхрон сузиш, сув полоси, сувга сакраш) бўйича бир қанча Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда миллий терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўз вақтида ўтказилди ва молиялаштирилган.

Шу йилнинг 15-18 март кунлари РОЗКда бўлиб ўтган синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш жараёнида айрим сабабларга кўра ғолиб спортчиларга медаллар ўз вақтида топширилмаган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг расмий баёнотига кўра, мазкур ҳолат Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов бошчилигида вазирликнинг тегишли бошқарма мутасаддилари, Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси вакиллари иштирокида муҳокама қилинган.

«Унда вазирлик масъул ходимлари, Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Ўзбекистон сузиш федерациялари томонидан ушбу муаммони ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги кескин танқид қилинди.

Камчиликка йўл қўйган масъулларга тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шунингдек, келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши лозимлиги таъкидланди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишча, синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари учун медаллар тегишли вилоятларга юборилади ҳамда ҳудудий Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан тақдирлаш маросимини юқори даражада ташкил этиш чоралари кўрилади.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг