Велоспорт: трек йўналишида Ўзбекистон чемпионлиги кимларга насиб этди?

4 кун давомида Тошкентда велоспортнинг трек йўналиши бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Чемпионатда илк бор пара-велоспортчиларнинг иштирок этиши ҳақиқатда тарихий воқеага айланди. Бу эса мамлакатимизда аҳолининг ҳар бир қатламига спорт билан шуғулланиш имконияти яратилганидан дарак беради. Мусобақа натижаларига кўра, келгусида спортчилар саралаб олиниб, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси билан ҳамкорликда Париж-2024 Паралимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб бориши кўзда тутилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур чемпионатда бугун финал босқичи бўлиб ўтди.

Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасида Данил Евдокимов, Алексей Фомовский, аёллар ўртасида эса Янина Кускова ҳамда Маргарита Мисюрина Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Шунингдек, Анна Куликова, Янина Кускова ҳамда Никита Стенковой спорт устаси талабини ҳам бажаришди.

Чемпионат ғолиблари ва мусобақада юқори натижаларни қайд этган барча велоспортчиларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

minsport.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг