Йўқотилган «олтинбошлар»: ўзбек футболининг эрта сўнган юлдузлари ҳақида

Гарчи мустақилликка эришилганидан кейин бирор марта ҳам Жаҳон Чемпионатига (катталар ўртасида) чиқмаган бўлса ҳам, ўзбек футболида деярли барча даврларда истеъдодлар бўлган. Аммо доимо клубларимиздан тортиб то турли ёшдаги терма жамоаларимизгача нимадир етишмайди. Юлдуз бўлиши кутилган ва футболимизни янги босқичга олиб чиқишига умид қилинган ўйинчиларимиз эса шунчаки кўздан ғойиб бўлади (нари борса Суперлига ёки Про Лиганинг аутсайдер жамоаларида ўртамиёна футболчи сифатида тўп суради). Ваҳоланки, мухлислар улардан жуда катта нарсаларни кутган бўлади. Эҳтимол, ёш ўйинчиларни юлдузлик касали қийнар ва қайсидир маънода бунда футбол жамоатчилигининг ҳам айби бор. Агар ушбу муаммога ечим топилмас экан, ҳали яна кўплаб мундиаллардан қуруқ қолишимиз аниқ. Ҳозир эса мавзудан узоқлашмаган ҳолда ўзбек футболининг эрта сўнган юлдузлари ҳақида фикр юритамиз.

Шерзод Каримов

Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги ёшлар терма жамоаси сардори бўлган Шерзод Каримовга Мисрда ўтказилган ёшлар ўртасидаги 2009 йилги мундиалдан кейин шу қадар катта умид билдирилгандики, унинг нафақат Ўзбекистон биринчиликларида, балки Европа майдонларида ҳам мамлакат футболи донғини кўкларга кўтариши лозим эди. Бироқ унинг борган энг узоқ жойи Хитойнинг «Циндао Чжуннен» клуби бўлди (шу ҳам «Пахтакор»дан ижара асосида ярим йилга). Ўзбекистонда «Қизилқум», «Пахтакор» «Локомотив», «Навбаҳор», «Сурхон» каби жамоаларда ўйнаган 32 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирда «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Кенжа Тўраев

Кенжа Тўраев ҳам Каримов сингари Мисрдаги ёшлар ўртасидаги мундиалда қатнашган ва кейинчалик Вадим Абрамов бошчилигидаги Олимпия термасида (Лондон—2012 йўлланмаси учун кураш олиб борган) ҳам ёрқин ўйинлар кўрсатганди. Аммо шундан сўнг у на миллий жамоада ва на клубларда нимадир кўрсата олди. 32 ёшли Кенжа фаолияти давомида фақат Қашқадарё клубларида тўп тепган — «Насаф», «Шўртан» ва «Машъал». Аммо у бу клубларнинг бирортасида айтарли ҳеч нимага эришмаган.

Бобур Давлатов

Катта футболга «Машъал» орқали кириб келган Бобур Давлатовдан ҳам катта натижалар кутилганди. 2011 йили Мексика майдонларида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон биринчилигида ҳам Бобур жамоанинг қолган аъзолари сингари жуда яхши ўйин кўрсатган. Ўшанда мухлислар билан бир қаторда мутахассислар ҳам Давлатовнинг келажакда етук футболчи бўлиб етишишини тахмин қилганди. Бунинг ўрнига Давлатов Қозоғистон ва Россиянинг қуйи лигаларида тўп суриш билан чекланди. Унинг ҳозирги жамоаси «Нефтьэхимик» Россия қуйи лигасида 27-турдан кейин 43 очко жамғарган ҳолда 7-поғонани банд этиб турибди.

Санъат Шихов

Профессионал фаолиятини «Пахтакор»да бошлаган Санъатга нисбатан собиқ бўлажак юлдуз иборасини ҳам ишлатиш мумкин. Боиси у деярли ҳар мавсум аввалида жамоасини алмаштиради. Клублар ҳам ҳар сафар ундан қандайдир бир мўъжизавий ўйин кутади. Аммо якунда томонлар дўстона муносабатда хайрлашишдан нарига ўтмайди. 31 ёшли Санъат шу пайтга қадар «Пахтакор»дан ташқари «Қизилқум», «Динамо», «Навбаҳор», «Бухоро», ОКМК ва «Сўғдиёна» сингари жамоаларда тўп суришга улгурган. Бироқ тан олиш керакки, Шихов уларнинг ҳеч биридаги фаолияти билан мақтана олмайди.

Жасур Ҳасанов

 


Жасур Ҳасанов деганда кўпчиликнинг хаёлига «Бунёдкор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида ёрқин ўйин намойиш этган жиззахлик катта Жасур Ҳасанов келади. Аммо ўзбек футболида бухоролик Жасур ҳам бўлиб, унинг резюмесидан «Бухоро», «Қизилқум», «Локомотив», «Нефтчи», «Металлург», «Қўқон-1921», «Динамо» каби жамоалар ўрин олган. Бир вақтлар унинг келажагига ҳам жуда катта умид билдирилганди. Аммо у жилла қурса маҳаллий жамоаларнинг бирортасидан ҳам муқим жой ололмади.

Ойбек Қиличев

Ўз вақтида майдон марказида ўйинни ўзига олишдан ийманмайдиган ва бир нечта рақибларни кўрдим демай алдаб ўтоладиган Ойбек Қиличевга Одил Аҳмедовнинг вориси сифатида қараларди. Ойбек даставвал бу тахминларни оз бўлса-да оқлаганди ҳам. «Пахтакор» сафидаги ишончли ўйинларидан сўнг қисқа вақт БАА ва Эрон чемпионатларида ўйнаб келди. Шунга қарамай Қиличевни ўз потенциалини тўлалигича кўрсатди дейиш мушкул. Боиси легионерликдан сўнг Ойбек деярли ҳеч бир жамоада барқарор ўйнаб кета олгани йўқ. Ўзбекистон жамоаларидан у «Пахтакор», «Навбаҳор», «Андижон», ОКМК ва «Локомотив» жамоаларида ўйнаган. Ҳозирда 32 ёшли футболчи «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Иван Нагаев

Юқорида эсланган Мисрдаги 2009 йилги Жаҳон Чемпионатида иштирок этган Иван Нагаевнинг ҳам етук ҳужумчи бўлиб етиши ва ўзбек футболидаги ҳужумчилар танқислигига барҳам бериши кутилганди. Якунда? Мамлакат футболи яна бир дарбадар футболчига эга бўлди, қўйди. Тезкор ва техникаси юқори бўлган ҳужумчи шу вақтга қадар «Насаф», «Металлург», «Навбаҳор», «Бунёдкор», «Динамо», «Локомотив», «Ал-Қодисия» (Қувайт), «Бухоро», «Ордабаси» (Қозоғистон), «Қизилқум» ва «Сўғдиёна» каби жамоаларда тўп тепган. Юқоридаги жамоаларнинг ҳеч бирида ўйнаб кета олмаган Иван ҳозирда яна Бекобод жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

Тимур Ҳакимов

2010 йилда Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2011 йилда Мексика мезбонлик қилган мундиалда порлаган Тимур Ҳакимов ва ундан кутилган натижалар ҳақида яхшиси гапирмаган маъқул. 26 ёшни қарши олган Тимур 16-17 ёшларида бутун Ўзбекистонга танилиб бўлганди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай унинг ўйини чиқмай қолади. Ҳакимовнинг ўзи интервьюларидан бирида бунга қуйидагича изоҳ берганди:

«Мен ўша пайтлари чиндан ҳам юлдузлик касалига учрагандим. Кўча-кўйда сизни ҳамма танийди. Одамлар доим мақтайди. Ўзимни бошқача ҳис қилардим. Лекин ҳеч қачон бесабаб бирорта машғулотни ўтказиб юбормаганман. Мен ўшанда анча ёш эдим ва ҳамма танигани учунми ўзимни зўр футболчи бўлдим деб ҳисоблардим. Афсус, хато қилган эканман. Ёш эдим, машинам бор эди, терма жамоада ўйнардим, ўзимча осмонларда юрардим. Мени четга жўнатишади деб ўйлардим ва шундай бўлишига бир бахя қолганди. Аммо Самвел Бабаян мени қўйиб юбормаган ва шунга яраша бу ерда ҳам ўйнатмаган. Кўп вақтимни ўринбосарлар сафида ўтказдим. «Пахтакор»нинг асосий таркибида фақат 45 дақиқа тўп тепганим эсимда, қолган ўйинларда эса 3-4 дақиқа ўйнаганман. Энди 3-4 дақиқа ўйнаб, қанақасига шаклланиш мумкин?»

Тимур ҳам Ўзбекистоннинг кўплаб клубларидаги фаолияти билан «мақтана» олади. Булар орасида «Пахтакор»дан ташқари «Андижон», «Оқтепа», «Сўғдиёна», «Обод», «Нефтчи», «Қўқон-1912» ва «Динамо» каби клублар бор. Transfermarkt маълумотларига кўра Ҳакимов ҳозирда айнан Самарқанд клуби ихтиёрида бўлиб турибди.

Аббос Махсталиев

Аббос Махсталиевга нисбатан ҳам Тимур Ҳакимовга берилган таърифларни қўллаш мумкин. Бу икки футболчи тандеми ўз даврида шу даражада порлагандики, улар овози бутун Осиёни титратганди. Махсталиевга ҳатто бир вақтлар Франция клубларидан ҳам қизиқиш бўлганди. Аммо Аббос ҳам сўниш борасида Тимурдан асло қолишмади. Аста-секинлик билан оддий ўйинчига айланиб қолган Махсталиев «Пахтакор», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Сурхон» ва «Янгиер» каби жамоаларда ҳаракат қилди. Ҳозирда у Фарғонанинг «Истиқлол» клуби ихтиёрида бўлиб турибди.

Билол Эркин, daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг