Хайрулла Ҳамидов: “Қарияпмиз. Ҳаммамиз…”

АВЛОД

 

Шарҳловчи мухлис бўлишга ҳаққи йўқ дейишади. Аслида бизда шунақа. Қабул қилишлари қийин, шу боис яширишга ё умуман мухлислик туйғусини ўлдиришга тўғри келади. Русларда унақа эмас. Ҳаммаси очиқча айтади.

Менталитет кўтаради, шекилли.

 

Бугун бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Кириш сўзимнинг боиси бор – шарҳловчи ҳам мухлис бўлишга ҳаққи бор, ҳеч қурса устоз шарҳловчиларнинг шарҳларига.

 

Бизнинг авлод рус шарҳловчилик мактаби асосида ўсган, яширишнинг ҳожати йўқ. Табиийки, ҳар биримизнинг ёқтирган шарҳловчиларимиз бор. Шарҳи орқали футболга қизиққанимиз, илҳом олганимиз ва тақлид қилганимиз бор.

 

Мен учун уларнинг учлик рўйхати қуйидагича бўлган:

1. В. Маслаченко.

2. Ю. Розанов.

3. В. Уткин.

 

Бу рўйхатдаги рақамлар ҳеч нарсани билдирмайди. Тартиб, холос.

Собиқ иттифоқ тугаб, мустақил шарҳловчилик мактабига тамал тошини қўйган инсон Владимир Маслаченко эди. У янги даврга, янги асрга кўприк қурган, Юра Розанов эса, ўша кўприкнинг устида юриб бериб, мустаҳкамлигини таъминлаган шарҳловчи эди.

 

Маслаченконинг фаолияти иккига бўлинса, Розановники айни НТВ ёшларининг ибтидоси сифатида кўрилади. Кўприкнинг бу томонида Василий Уткин уларни кутиб олган. Рақамлар авлод маъносини ифодалайди.

 

Кўприк қургани ўн йил олдин вафот этди. Янги авлод шарҳловчилиги акаси бугун оғир касаллик сабабидан орамиздан кетди. Биргина Уткин қолди. У ҳам шарҳламай қўйган. Лекин фикрлари доимо ҳамроҳ. Узоқ яшасин. Шахсияти, табиати ва инсонийлигининг бошқа жиҳатлари бу борада муҳим эмас. Мен уларни микрофон орқали эшитганман ва шу ўринда қолишларини истайман.

Жиддийроқ айтганда, бу ўлимлар бизга бир ҳақиқатни уқтиради:

Қарияпмиз. Ҳаммамиз…

@xayrulla_hamidov

Дўстларингизга билан баҳам кўринг