Осиё бой берган “Мессилар” (1991-96)

Осиё футболи Европа, Америка ва Африка футболидан сезиларли равишда орқада.

Қитьамизнинг ҳеч бир ўлкаси иқтидорлар масаласида Бразилия, Германия ёки Испания билан баҳслаша билмайди. Вақти-вақти билан еврофутболни забт этиши кутиладиган осиёлик “вундеркинд”лар ҳам чиқиб қоладики, бутун бир қитъа уларнинг жаҳон грандлари либосини кийишини кутиб яшайди. Аммо, умид ҳиссини уйғотиш бошқа, уни оқлаб ташлаш тамоман бошқа масала – Сон, Жи Сун-у Кагавалар ҳар доим ҳам туғилавермайди.

Бугун “сариқ қитьа”нинг янги юлдузига айланиши, Европа майдонларида Осиёнинг тамсилчиси бўлиши кутилган, якунда “ипподромга ҳам чиқолмаган” баъзи ўйинчилар ҳақида маълумот берамиз. (қуйидаги фикрларнинг барчаси шахсий ва кўп эҳтимол билан нотўғри бўлиши мумкин)

Омар Абдулраҳмон – 1991 йилда туғилган футболчилар орасида қитьанинг энг яхшилари қаторида эътироф қилинар эди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда кўрсатган ўйинлари унинг тез орада “кўҳна қитьа”га кўчиб ўтишидан дарак берарди. Ҳар доим Зинедин Зиданга ўхшаб тўп тепишга уринадиган Омардан бир вақтлар Луис Суарес либос алмашишни илтимос қилган, Райан Гиггз ва Старриж эса ўзаро ўйиндан кейин унинг не сабаб билан Европада ўйнамаётгани билан қизиқишган эди. Ҳақиқатан ҳам у катта ютуқларга эриши мумкин эди. Қачонки, араб диёрининг иссиқ ҳавоси ва пулларини футболга алмашганида.

Маълумот учун, Омар Абдулраҳмон 2021 йилнинг бошида “Шабаб Ал Аҳли” таркибига қўшилди. Энди у майдонда ҳамюртларимиз Жалолиддин Машарипов ва Азизжон Ғаниев билан елкама-елка ҳаракатланади. Афсуски, бу учлик “Олд Траффорд”да эмас, Дубайдаги “Ал Рашид” стадионида ўйнашади…

Такаши Усами – шубҳасиз, 1992 йилда таваллуд топган футболчилар орасида қитьадаги энг яхшилардан эди. “Гамбо Осака” тарбияланувчиси 17 ёшида Осиё Чемпионлар Лигасида дебют қилди ва ўзининг ёрқин келажагига япон ишқибозларини ишонтириб қўйди. Унинг потенциали шунчалик юқори кўрингандики, 19 ёшида “Бавария” устози Луи Ван Гал уни Мюнхенга таклиф қилади. Бироқ, нидерланд тез орада немис клубини тарк этди, Юпп Хайнкесс эса унга деярли ишонч билдирмади. 2011-2019 йилларда Бундеслиганинг турли жамоаларида тўп тепган Такаши яна жонажон Осакасига қайтди ва бугунги кунга қадар “Гамбо Осака” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Хуллас, бир пайтлар “Бавария”нинг келажаги бўлиши кутилган киотолик йигитча бугун кун чиқар юртда. Унинг кореялик бошқа бир тенгдоши эса “Тоттенхэм” таркибида Англия майдонларини “ёндиряпти”…

Жамшид Искандеров – футболчи бўлиш умиди билан Хоразмдан Тошкентга келган эди. 1993 йилда туғилган ҳамюртимиз ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари билан ўзбек футболига ажойиб плеймейкер кириб келаётгани ҳақида эълон берди гўё. Шахсан ўзим 1993 йилда туғилган футболчилар орасида Жамшид ва Владимир Козакнинг мухлиси эдим. (Вақти келиб, айнан улар терма жамоамиз етакчисига айланишини кутгандим, аммо ортиқча юкламалар ва жароҳат…) Шу туфайли бу ўринга эронлик Розбеҳ Чешми ёки япон Жунья Итони эмас Жамшидни танладим. Бир пайтлар нозик дидли ҳаракатлари, кутилмаган паслари билан мухлислар қалбидан ўрин олган Искандеров октябрь ойида 28 ёшга тўлади. Тўғри, у яхши футболчи бўлиб етишди. Лекин Жамшиднинг яхши эмас, зўр бўлишини кутган мухлислар учун бу кутилганидан анча кам…

Такума Асано (бу ерда суриялик Омар Хрбин ҳам бўлиши мумкин эди) – 1994 йилда таваллуд топган япониялик футболчилар орасида энг иқтидорлилардан эди. Уни 20 ёшида “Арсенал” харид қилди. Бироқ, Асано Лондон клубининг асосий жамоасига кира олмади, “тўпчилар” уни 3 йил давомида немис жамоаларига ижарага беришди. Бундеслигада ҳам ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмаган Такуми айни пайтда Сербия чемпионатида “Партизан” шарафини ҳимоя қиляпти…

Али Алипур – 1995 йилда туғилган футболчи қитъанинг энг кучли марказий ҳужумчиларидан бири бўлиши кутилган. Эрон ёшлар жамоаси сафида 3 ўйинда 9 гол урган форвард барча умидларни оқлаши мумкин эди. Аммо, унинг ягона омадсизлиги шундаки, Сардор Азмун билан бир авлод вакили ҳисобланади. Шу туфайли Эрон чемпионатидаги энг яхши футболчилардан бири бўлишига қарамай, миллий жамоа либосида майдонга тушиши қийин масала…

Ҳумам Тариқ Фараж – 1996 йилда таваллуд топган футболчини терма жамоамизга қарши ўйинларда бир неча бор кузатгансиз. 16 ёшида Ироқ миллий жамоасида ўйнай бошлаган Ҳумам ғайритабиий заковати билан бошқалардан ажралиб турар, майдондаги ҳаракатлари бир Мессини, баъзида Иньеста ёки Модрични эслатиб юборарди. Халқаро учрашувларда бир неча бор рақибларини “хўрлаганига” ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Бироқ, футбол шундай спортки, ҳаракатдан тўхтаган онинг пастга қулайсан. Биласизми, бир пайтлар Европага кетиши кутилган “Ироқ Модричи” 2021 йилнинг бошида Тошкент вилоятининг АГМК клубига ўтиши мумкин эди. Ҳа, у 25 ёшида шундай даражага тушиб қолди. Ҳумамнинг трансфер баҳоси айни пайтда атиги 250 минг еврога тенг. Маълумот учун, ҳозир Ўзбекистонда ундан қимматроқ 93 нафар ўйинчи бор. Йиғла, Боғдод!

Фахриддин Рўзиев тайёрлади

Манба: championat.asia

Дўстларингизга билан баҳам кўринг