Йилига 10 млн. евро маош, самолётдан 50 соат бепул фойдаланиш каби шартларни қўйган футболчининг бугунги нархи қанча?

У ёш бўлишига қарамай, “Пари Сен-Жермен” ва Франция терма жамоасининг етакчиси саналади.Дунёнинг энг кучли ёш футболчиларидан бири сифатида тан олинган.2018 йилги жаҳон чемпиони.Шу мундиалнинг энг кучли ёш ўйинчиси.Гап сезганингиздек, 1998 йилнинг 20 декабрида туғилган Килиан Мбаппе ҳақида бормоқда.

Болалиги

Килианнинг отаси Вильфрид асли камерунлик.Франциядаги “Бонди” клуби футбол мактабида мураббий бўлиб ишларди.Онаси эса жазоирлик мигрантларнинг фарзанди бўлган.У қўл тўпи билан профессионал даражада шуғулланган.

Отасининг қўллаб – қувватлаши ортидан Килиан мамлакатнинг энг кучли футбол академияларидан бири саналган “Клерфонтен”да таҳсил олди.Тьерри Анри ва Лилиан Тюрам айнан шу академия битирувчилари саналишади.

13 ёшга кирганида Килианда Мадриднинг “Реал” клубига ўтиш имконияти пайдо бўлди.Ўша пайтда клубнинг ёшлар жамоаси билан ишлаб турган Зинедин Зидан унга қизиқиш билдирганди.Бироқ отаси билан маслаҳатлашгач, қаҳрамонимиз бу вариантдан воз кечди.Икки йил ўтгач эса у “Монако” билан ўзининг илк профессионал шартномасини тузди.Шу тариқа 15 яшарлигида қўлига бонус тариқасида 400 минг евро тегди.Бундан ташқари, ойига 600 – 700 евро миқдорида маош ола бошлади.

-Менда бошқалар каби ўсмирлик пайтимда дўстлар билан сайр қилмоқ, вақтни кўнгилли ўтказмоқ имкони бўлмаган,-дея эслайди у 2018 йилда берган интервьюларидан бирида.

“Монако”да ўзини кўрсата бошлагач, у билан янги шартнома тузилди.Шунга кўра, Килианга ойига 80 минг евро маош тайинланди.

“ПСЖ”нинг гегемонлигига чек қўйди

2016/17 йилги мавсумда Мваппе жамоанинг асосий таркибидан ўрин олди ва голлар кирита бошлади.Натижада “Монако” 17 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Франция чемпионлигини қўлга киритди.Килиан ўзи қатнашган барча турнирдаги 44 та ўйинда 26 та голга муаллифлик қилди.Айнан у йўллаган голлар “ПСЖ”нинг гегемонлигига чек қўйди, десак адашмаймиз.

Қаҳрамонимиз Европа Чемпионлар лигасида ҳам ўзини кўрсатди.”Монако” бу турнирнинг ярим финалига қадар етиб келди.Фақат икки ўйин натижасига кўра “Ювентус”га ютқазди.Лекин Килиан майдонни голсиз тарк этмади.Турин клуби унинг аниқ зарбасидан сўнг ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур бўлди.Шу тариқа Буфоннинг дарвоза дахлсизлигини сақлаш борасида 600 дақиқа давом этган сериясига чек қўйди.6 та гол билан шу нуфузли турнирнинг кучли тўпурарлари қаторига кирди.

-Жорий мавсумда мени кашф этишди, келгусида юқори даражада ўйнаб зўрлигимни исботламоқчиман,- деганди ўшанда у.- Кимдир мени сермаҳсулликда ёшидан ўзиб кетди, деб ҳисоблайди.Аммо мен аслида 18 ёшли оддий боламан.Машғулотларга ҳалигача мени онам ёки клуб ҳайдовчиси олиб келади.

У ўз қадрини билади

2017 йилнинг ёзида ёш футболчи “Маошимни 16 карра оширасизлар”, деган шартни қўйди.”Монако” рад этди.Клуб кўнса Килиан худди жамоа сардори Радамел Фалькао каби йилига 8 миллион евро маош олган бўлур эди.

Бу орада “Реал” (Мадрид) ва “ПСЖ” вариантлари пайдо бўлди.Мваппе “Пари Сен – Жермен”ни танлади.Бу клубга ўтгани учун футболчи томони 5 миллион евро оладиган бўлди.Килиан йилига 10 миллион евро маош беришларини талаб қилди.Музокаралар якунида биринчи мавсумда 7 миллион евро олишга розилик билдирди.Лекин шартномага бу миқдор ҳар мавсумда ошиб бориши ҳақидаги банд киритилди.Мваппе “Мабодо, “Олтин тўп” соҳиби бўлсам, автоматик тарзда клубнинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланишим керак”, деган шартни ҳам қўйди. Бироқ “ПСЖ” муроса йўлини топди.”Шундай совринни қўлга киритсанг, биратўла 500 минг евро тўлаймиз”, деган ваъдани берди.

Ўз қадрини ерга урмайдиган Килиан клуб олдига шахсий самолётдан йилига 50 соат бепул фойдаланиш шартини ўртага ташлади.Бунинг ўрнига унга ҳайдовчи ва қўриқбон хизматига ҳақ тўлаш учун ойига 30 минг евро бериладиган бўлди.

Рекорд устига рекорд

Килиан дарҳол “ПСЖ”нинг асосий таркиб ўйинчисига айланди ва рекорд устига рекорд қўя бошлади.Масалан, 18 та ўйинда 19 та гол киритиб, охирги 45 йилда шундай натижага эришган биринчи француз футболчисига айланди.Жаҳоннинг энг кучли футболчисига аталган “Копа” совринига эга чиққан энг ёш ўйинчи ҳам Килиан саналади.

Терма жамоадаги ютуқлари ҳам ҳавас қилгулик.Мундиалда Перу терма жамоаси дарвозасига тўп йўллаб, Франциянинг жаҳон чемпионатларида гол киритган энг ёш футболчиси бўлди.Финалда Хорватия терма жамоаси дарвозасини ишғол этиб,Пеледан кейин жаҳон чемпионати ҳал қилувчи баҳсида гол киритган биринчи ўсмир номини олди.Айрим оммавий ахборот воситаларида уни Пелега қиёслашгани бежиз эмас.

Ўйин услуби

Килиан Мваппе универсал ҳужумчи саналади.Марказий ҳужумчи ўрнида ҳам, иккала қанотда ҳам ўйнай олади.Иккала оёғида бирдай тўп тепа билади.Ҳисобида кўп гол бор.Аммо голли паслари ҳам оз эмас.Алдамчи ҳаракатларнинг устаси.Бошланғич тезлиги юқори.Чаққон.Мураккаб финтларни қойилмақом бажаради.Тезлик ёки ҳаракат йўналишини тўсатдан ўзгартириб, рақиб ҳимоячиларини доғда қолдиради.

Франция терма жамоасининг собиқ аъзоси Николя Анельканинг фикрича, Килиан 1996 йилдаги Олимпиадада порлаган Роналдони эслатади.”Агар Роналдонинг изидан борса, Килиан дунё футболининг афсоналаридан бирига айланади”, дейди у.

Айтмоқчи, қаҳрамонимиз жорий мавсумда ҳам сермаҳсул футбол намойиш этаяпти.Яқиндагина Чемпионлар лигаси плей – офф босқичининг Испанияда кечган дастлабки учрашувида у “Барселона” дарвозасига учта гол киритди.

Ниҳоят, Мваппенинг нархи ҳақида.2018 йилда CIES Football Observatory деган аналитик компания томонидан қаҳрамонимиз жаҳоннинг энг қиммат ўйинчиси деб тан олинган.Унинг трансфер нархи 216,5 миллион евро дея баҳоланган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади, xs.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг