“ФОЙДАЛИ” МАСЛАҲАТЛАР

Ўзбек футболи қачон ривожланиши ҳақида минглаб инсонлар бош қотиришади,турли ечимларини излашади. Қарорлар қабул қилиниб,молиялаштирилади. Тараққиётнинг енгилроқ йўлини тавсия этмоқчимиз. Осон ва амал қилиш жараёнида мураккабликларга дуч келмайсиз. Биринчи галда жамоаларга мураббийларни таклиф этаётганда шахси ўрганилмай,таваккалига чақиравериш керак.

Илгарги ишлаган клубларидаги фаолиятини таҳлил қилишдан не фойда?

Футболдан кўра молиявий мўлликни яхши кўрадиган,тотализаторга пул тикишни мунтазам равишда амалга ошириб келадиган ва ғалабани ҳакамлар ёрдамида қўлга киритишга одатланганларига чиқиб, ўтишга кўндирсангиз, ниҳоятда зўр бўлади.  Машғулотлар жараёни эскича тарзда ўтказилиб, ёшларни кашф қилишга ҳожат қолмаганлигини йиллар давомида исботлаб келаётганларга урғу беришингиз талаб этилади. Пул билан жуда кўплаб ишларни ҳал қилиб юраверасизлар. Ёки,бирор меҳнаткашроқ, виждонлисини билмай чақириб қўйган бўлсангиз, сира афсусланманг. Йўли осон,бир мавсумда ўнга яқин бош мураббийни алмаштиринг,биров сизга ғиринг демайди. Мана узоққа бориб ўтирмайлик,бухороликларга қойил қолмай иложимиз йўқ.

Даврон Файзиевни йил бошида олиб келишганди, икки ойга бормай, навбатдагисини кўндиришиб, Анвар Бердиев номзодига тўхталишди. Март ёки апрель ойигача ишлаб туришларига имкон берилса керак,ҳарқалай. Мураббийларга кўп вақт берилиши тарафдори эмасмиз. Яхши жамоани шакллантириш учун бир ҳафта,ўн кун етарли бўлади. Мана шу муддат ичида жамоа натижа бермаяптими,тезда бош мураббийни алмаштириб,навбатдагисини чақириш даркор. Йигирматалик устозларнинг рўйхатини тузиб олинг ва навбатдан чақираверасиз. Барибир дидингизга мос тушадигани чиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Ахир,давлатнинг пули бўлсада,сиз беряпсиз-ку! Муҳим фигура эканлигингизни барча билиб қўйиши керак. Донғингиз икки тоғ орасидан чиқмай ўтиб кетаверасизми!
Мана,хорижлик,тилни билмайдиган,келиб чиқиши номаълум ҳисобланган европалик мутахассисларига чиқа бошладик. Қандайдир шубҳали агентлар тавсия қилишгандирки,иккиланиб ўтирмай олиб келяпмиз. Уларда ҳам ўзимизга ўхшаган,нафси борлари етарлича топилса керак. Қисқа фурсат ичида йўлимизга юра оладиган даражага чиқишга эришишса,марра ҳаммамизники. Ахир гап мамлакат футболи ҳақида кетмоқда. Муҳими,камгина маошга ҳам кўнишмоқда. Мана шуниси асосийси. Ўзларида болалар футболида ишлаган бўлмайдими,хориждан олиб келинаяпти-ку!

Ўзимиздаги ёш,ишга чанқоқ мураббийларга ишонч билдиргандан кўра,келиб чиқиши номаълум ажнабий устозлардан наф кўпроқ. Нима дедингиз? Иқтидорли,инсоф доирасидан ташқарига чиқмайдиган,камсуқум устозларимиз фурсатлари келишини узоқ кутаверишсин,бизга нима! Охири,умидларини узишиб,ўзларини бошқа соҳага уришади-да! УЭФАнинг ПРОси бор мутахассисларга ишонаверамиз.. Ушбу фикрларимизни ўқиган баъзи мутасаддилар мураббийларни алмаштиргилари қистаб қолса,фақат хурсанд бўламиз.

Чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолганида ортидан бир тўда ўйинчиларини етаклаб келадиганларига қизиқаверинг. Кейинчалик истеъфога чиқарсангиз,биргалашиб кетишиб,зерикиб қолишмайди ва навбатдаги манзилга йўл олаверишади. Сиз эса барисини нолдан бошлайсиз. Нақадар мароқли юмуш эканлигини яшириб ўтирмаймиз.

Футболчилар билан ҳозирги тузилаётган шартнома муддатларини камайтириш керак,деган таклифни ҳам илгари сурмоқчимиз. Бир ойга мўлжалланганига рухсат берилиб, мавсум давомида ўндан ортиқ жамоада ўйнай олмасликларини қонунан белгилаб қўйилса ажойиб иш бўларди. Йўқса, ҳаддиларидан ошиб кетишади. Жуда кўнгиллари бўлмаса,уч ойлик битимга имзо чекишсин. Аҳмоққа ўхшаб,2-3 йиллик шартномалар қайд этилиб,бошқаларни алдашдан нима фойда? Ҳафталик,кунлик битимлар ҳақида ўйлайдиган фурсатлар ҳам келиб қолар.

Шунингдек, футболчининг жисмоний ва техник ҳолатидан кўра,мунтазам равишда жароҳатланиб турсада,исми ва фамилиясига биринчи галда эътибор қаратилиши тарафдоримиз. Йил давомида майдонга туша олмасаларда,фалончиев рўйхатимизда бор дея,мақтаниб юрилади. Кўтарма,мукофот пуллари,маошларини олдиндан,январь ойидаёқ тўлаб қўйсангиз,майдонга чиққанда шунақа тер тўкишадики,асти қўяверасиз. Ана шу биз чақирган маҳоратли ўйинчимиди,дея таажжубланишингиз шубҳасиз. Маблағ олмаслигини билса ҳам жонини жабборга бераверишади.

Хуллас,янгиликларни қўллайман десангиз,усуллари бисёр. Муҳими,ниятингиз мамлакат футболининг равнақи бўлсин. Йўқса,танлаган йўлингиздан адаштириб юборадиганлар топилиб қолади. Шундайлардан фаолиятингиз мобайнида эҳтиёт бўлишга чақирамиз. Терма жамоага ижрочининг маҳоратидан кўра,шахсий манфаатини устун қўядиган устозни жалб қилиш керак. Бундайларни топиш қийинлигини биламиз,лекин уриниб кўрса бўлади. Хорижга баъзи футболчиларни сотилишидан аввал қўллаб юбориш,муҳим омиллардан биридир.

Натижа аҳамиятли эмас. Кимнингдир ҳожати чиқиб турса,фойдалироқ эмасми? Йирик мусобақаларга йўл ололмаслигимизни билганларидан кейин, қандайдир бошқа томондан самара келтиришса ёмонми!

Абдулҳафиз Абдулазиз Ўғли Абдулхамидов

Дўстларингизга билан баҳам кўринг