Шомуродов Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиси эмас ёхуд “ўзимизнинг МЮЛЛЕР” ҳақида

GENOA, ITALY - OCTOBER 24: (BILD ZEITUNG OUT) Eldor Shomurodov of Genoa CFC looks on during the Serie A match between Genoa CFC and FC Internazionale at Stadio Luigi Ferraris on October 24, 2020 in Genoa, Italy. (Photo by Sportinfoto/DeFodi Images via Getty Images)

Футбол – бу рақиб дарвозасига гол уриш учун ўйналадиган оддий ўйин.
Майдондаги жамоанинг мақсади рақибидан кўпроқ гол уриб, ўйинда ғалаба қозонишдир. Шундай экан, асосий эътибор ҳужумчи амплуасида ҳаракатланадиган ўйинчиларга қаратилади, аксар ҳолларда барча шуҳрат ҳам уларники бўлади.

Афсуски, сўнгги йилларда айнан шу позиция ўзбек футболининг нозик нуқтасига айланиб қолди. Россиядаги мундиал саралашида бизга марказий ҳужумчи зонасида ўйнайдиган “қўнхўр” етишмаган эди. Максим Шацких ва Александр Гейнрих фаолиятини якунлагач, олдинги чизиқнинг етакчисига айланиши кутилган Игор Сергеев руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлса, пичоққа илинадиган бошқа номзод топилмай қолганди. Бу ҳол БАА майдонларида ўтказилган қитъа кубоги баҳсларига қадар давом этди. Айнан шу мусобақадаги тасодиф Осиё футболига янги юлдуз – Элдор Шомуродовни тақдим қилди. Шундан кейин сурхондарёлик форварднинг фаолиятида прогресс кузатила бошлади ва у 1 йил ичида Генуя манзили томон отланди.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor)

Хабарингиз бор, Элдорнинг итальян диёридаги саргузаштлари ҳам муваффақиятли чиқяпти. У аллақачон А Серияга “музқаймоқ ейиш учун” бормаганини исботлашга улгурди. Футболчининг жорий мавсум якунида итальян грандларидан бирига ўтиши ҳақидаги хабарлар ора-сира матбуот юзини кўриб турибди.  Шомуродовнинг футболчи сифатида янада ўсиши биз учун фойдадан холи эмас. Чунки Қатар яшил майдонларида ўтказиладиган мундиал саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз фурсат қоляпти. Шу ўринда Элдорни марказий ҳужумчи сифатида танийдиган муштарийларимизга унинг яна бир сифати ҳақида маълумот беришни лозим топдик. Зеро, у бугунги кунга фақат голлари туфайли етиб келмади.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor)

Итальян халқи миллатчилик ва ирқчилик қусурларидан холи эмас. Бу ҳақда мутбуот орқали тез-тез ўқиб турамиз. Шу туфайли мазкур заминда легионерларнинг ўз ўрнини топиб олиши бироз мураккаб жараён ҳисобланади. 2001 йилда “Милан” бошқарувини қўлга олган туркиялик Фотиҳ Терим жамоадан қандай кетказиб юборилганини эсланг.

А Серияда ўз ўрнингизни топишингиз учун фавқулодда иқтидорли бўлишингиз ёки Златан сингари ўта кучли характерга эга бўлишингиз талаб қилинади.  Гувоҳи бўлганингиздек, Элдор ҳам жамоага мослашиб кетишда қийинчиликка дуч келмади. Бунинг устига, у маҳаллий футболчи (Жанлука Скамакка) билан курашда ҳам ютиб чиқди. Скамакка мавсум аввалида Элдордан рақамини (9) тортиб олган бўлса, ҳамюртимиз мавсум давомида Скамакканинг таркибдаги ўрнини олиб қўйди. Эътибор қилаётган бўлсангиз, Давиде Баллардини Элдордан “таран” сифатида фойдаланмаяпти. Ҳужумларни якунлаш масаласи кўпроқ Маттиа Дестронинг гарданига юкланган. 29 ёшли итальян майдонда бўлиб турган пайтида ҳамюртимиз бироз орқароқда ҳаракат қилади ва айнан шу омил “Женоа”нинг муваффақиятларида асосий сабаб бўлса ажаб эмас. Жамоа тўп киритадиган аксар вазиятларга қарасак, Шомуродов ҳужумни кескинлаштирувчи вазифасини бажариб беряпти. Чунки у олдинда тўп кутиб турадиган форвардлар типига кирмайди, тўп учун тинимсиз курашади ва қулайроқ вазиятда турган жамоадошларидан тўпни сира қизғанмайди.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor)

Унинг бу хусусияти терма жамоа ўйинларида ҳам ас қотиши мумкин. Тасаввур қилинг, миллий жамоамиз 4х4х2 тактик схемаси асосида ўйнайди ва қўш ҳужумчи билан майдонга тушади. Сергеев, Яхшибоев ёки Абдихолиқов сингари форвардлардан бири вазиятларни якунлаш билан банд бўлса, Элдор орқароқдан ўйин қуриш билан шуғулланади ва зарур паллада ўзи ҳам тўп киритиб кетаверади. Сервер Жепаровдан кейин бу соҳада анча қийналиб қолганимиз ҳақиқат.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor)

Тушунишингиз осонроқ бўлиши учун айтаман, Элдор “Бавария”даги Томас Мюллернинг вазифасини бажарса, олдинги чизиқда тўп кутиб ўтирадиган Элдорга нисбатан кўпроқ фойда келтириши мумкин. Жамоанинг ўйинини Шомуродовнинг атрофига қуриб, унга майдон бўйлаб ҳаракатланиши учун бутунлай эркинлик яратиб бериш керак. Шунда кўрасиз, Шомуродовнинг асл кучини. Демоқчиманки, у олдиндаги ўйинларда Ўзбекистоннинг энг яхши ҳужумчиси бўлиши шарт эмас, бу вазифани Игор ёки Бобир ҳам эплай олади. Элдор мураккаброқ бўлса ҳам, юртимизнинг энг яхши футболчисига айланиб, жамоанинг ўйинини қуриб бериши керак. Ундан янги вазифада фойдаланилиши рақибларимиз учун ҳам кутилмаган сюрприз бўлади…

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor)

“Женоа”нинг янги устози Давиде Баллардини Элдор кўпроғига қодирлигини яхши тушунди ва унга соф ҳужумчи вазифасини юклашдан тийилмоқда. Кўрамиз, Вадим Абрамов қандай йўл тутар экан.

Қадрли ўқувчи, сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай? Марказий ҳужумда ўйнайдиган Шомуродовдан эркин ижодкор сифатида тўп тепадиган ва керак пайтда ўзи ҳам гол урадиган Шомуродов кучлироқ эмасми?

Фахриддин Рўзиев тайёрлади

Дўстларингизга билан баҳам кўринг