Одил Аҳмедов Самюуэль Это’O билан жанжаллашиб қолгани ҳақида гапирди: “Бўрилар орасига бўри бўлиб кириш керак…”

Ўзбекистон терма жамоаси ва Хитойнинг «Тяньцзинь Тэда» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов «Sports.uz» сайтига берган интервьюсида «Анжи» клубида тўп тепган вақтида Самюуэль Это’O билан жанжаллашиб қолгани ҳақида гапириб ўтди.

Самюуэль Это’O билан майдонда жанжаллашиб кетганмиз. Ўйин жараёнида ҳужум қилдик, мен ўзим гол уришни хоҳладим ва тепдим. У эса нега пас оширмадинг деб гапирди, мен ҳам унга жавоб қайтардим. Мана шунақа қилиб тортишиб кетганмиз. Бир-биримизга жуда қаттиқ гапирганмиз, куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилганмиз. Биринчи бўлимдан кейин чиққанман-да «Бўлди, «Анжи»дан кетаман» деганман. Чунки Это’O у пайт жамоада кўп нарсани ҳал қиларди. Жанжал кийиниш хонасида ҳам давом этган. Аммо кейин ҳовуридан тушиб, унга шундай характерли, жангчи болалар (ўйинчилар) ёқишини айтган.

«Майдондаги нарсаларга эътибор берма» деган, шундан кейин Это’O билан яхши бўлиб кетганмиз. Бу каби жанжаллар роса кўп бўлган, ўйинда ҳам, машғулотларда ҳам. Агар озгина бўшашсангиз ғажиб ташлашади. Айтади-ку, «бўрилар орасига бўри бўлиб кириш керак» деб. Агар бўрилар орасига қуён бўлиб кирсангиз ғажиб ташлашади. Улар қандай бўлса, мен янада кучлироқ бўлишга ва характер кўрсатишга ҳаракат қилганман.

Одил Аҳмедов, футболчи


Маълумот учун, Одил Россиянинг «Анжи» клуби сафида 2011—2014 йилларда ҳаракат қилган. Бундан ташқари у «Пахтакор» (2006—2011), «Краснодар» (2014—2016) ва «Шанхай СИПГ» (2017—2020) каби жамоаларда ҳам ҳаракат қилган.
Дўстларингизга билан баҳам кўринг