«Мен жуда ориқ, мушакларим ҳам йўқ эди..» Роналдунинг болалиги ҳақидаги хотиралари

Мен етти ёшимдан кейинги хотираларни яхши эслайман. Гарчи, қийин аҳволда яшаган бўлсакда, аммо оиламиз билан жуда бахтли яшаганмиз.
Ўша пайтларда футбол билан жиддий шуғулланишни бошлаганман. Унгача Мадейра кўчаларида фақат дўстларим билан тўп ўйнардим. Кўча деганда, мен шунчаки мажозий маънода эмас, балки ҳақиқатан ҳам кўчани назарда тутаяпман: Биз ўйнайдиган жойда дарвоза йўқ эди ва ҳар сафар машиналар ўтганида футболни тўхтатар эдик. Мен ҳар куни бундай ҳолатда тўп тепишдан жуда хурсанд эдим. Аммо отам мени «Андориня» клубининг болалар жамоасида ўйнашимни хоҳлаган. Отам менга буюк футболчи бўлишимни ва бундан фахрланиши ҳақида айди, мен эса унинг ниятини амалга ошириш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим.

Биринчи куни мен тушунмайдиган жуда кўп қоидалар бор эди, лекин бу менга ёқди – ўйин тузилиши ва ғалабалар ҳиссини ўзимда ҳис қилдим. Ҳар бир ўйинимни узун соқолли, ишчи кийимдаги отам томоша қиларди. У футболни жуда яхши кўрарди, аммо онам ва опаларим бунга қизиқиш билдиришмади. Ҳар оқшом, кечки овқат пайтида, отам уларни ўйинимни томоша қилишга бориши учун кўндиришга ҳаракат қиларди. У менинг биринчи агентим эди.

Бир куни ўйиндан кейин уйга қайтганимизда отам оила аъзоларимга: «Криштиану гол урди» деди. Улар эса: «Хўш, нима бўлибди», деб жавоб беришди. Аммо уларда футболга нисбатан қизиқиш пайдо бўлмади. Иккинчи куни отам яна: «Криштиану иккита гол урди», деди. Ва яна, шу ҳолат эди. Улар шунчаки: «Оҳ, ҳақиқатан ҳам бизнинг Криш буюк футболчи», дейишди. Мен яна нима қилишим мумкин эди? Мен яна гол уришда давом этдим. Бир куни ота уйга келиб: «Криштиану учта гол урди. Сиз буни бориб кўришингиз керак.» деди, аммо шунга қарамай ҳар бир учрашувда отамни майдон четида ёлғиз кўрардим. Бир куни улар стадионга, ўйинимни томоша қилиш учун боришди. Мен бу кунни ҳеч қачон унутмайман. Ўйин бошланишидан олдин, атрофга назар ташлаган эдим, тўсатдан онам ва опаларимни кўрдим . Улар трибунада ўтиришарди. Улар мени қўллаб-қувватлашмади, ҳатто қарсак ҳам чалишмади, шунчаки менга қарата қўл силкишди, холос. Гарчи, улар илгари ҳеч қачон футболга боришмаган бўлсада, ҳозир улар трибунада ўтиришган эди ва шу нарса мени ҳаяжонга соларди.

 

Ўша куни мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Бу мен учун жуда катта аҳамиятга эга ҳолат эди. Ахир, онам ва опамлар ишонч билдиришган эди. Гўё томоғимда бир нарса тиқилиб қолгандай эди. Мен ўшанда жуда бахтли эдим. Шу куни жамоа раҳбариятлари бутса олишим учун менга пул беришди, мен эса пулни ойимга бердим. Мадейрада ҳаёт жуда қийин эди. Шу сабабли, мен амакиваччаларимдан бири совға қилган эски бутсада тўп тепардим. Аммо пулга унча аҳамият бермадим, муҳими, оиламга ёрдамим текканидан хурсанд эдим. Шу куни ўзимни оиласига фойдаси теккан инсон каби ҳис қилдим.
Бу хотираларни ҳеч қачон эсдан чиқармайман, чунки улар ҳаётимдаги энг ажойиб кунлардан бири эди. Футбол менга ҳамма нарсани берди, аммо ўша тўп мени жуда эрта уйимни тарк этишимга ҳам сабаб бўлди. 11 ёшимда Мадейрадан, Лиссабоннинг «Спортинг» академиясига кўчиб ўтдим, бу эса менинг ҳаётимдаги энг қийин давр эди.

Ҳозир бу ҳақда ўйлашни ақлимга сиғдира олмайман. Ўғлим, кичик Криштиану ҳозир етти ёшда. Мен тўрт йилдан кейин уни Лондонга ёки Парижга кетишини тасаввур ҳам қилолмайман. Бу имконсиз кўринади. Ишончим комилки, ота-онам ҳам шундай ўйлаган. Аммо мен учун бу орзуимни амалга ошириш учун имконият эди, шунинг учун улар мени қўйиб юборишди ва мен «Спортинг»га йўл олдим.

Лиссабонга борганимда, худди бошқа мамлакатга келиб қолгандек туюлди. У ердаги одамларнинг тили менга мутлақо бегона бўлиб туюлди. Маданият ҳам бошқача эди. Мен ҳеч кимни танимасдим ва ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим. Оилам тўрт ойда бир ёки икки марта мени кўргани келишар эди. Мен уларни шунчалик соғинардимки, ҳар бир кун ўтиши жуда азобли эди.

 

Мен футбол ўйнашни давом эттирдим. Спортинг академиясидаги бошқа болалар қила олмайдиган ишни майдонда қила олишимни билардим. Эсимда, бир марта бир бола бошқасига: «Сиз уни нима қилаётганини кўрдингизми? Бу йигит одаммас», деб айтаётганини эшитиб қолдим. Кейин шунга ўхшаш гапларни мураббийлар орасида ҳам  бўлиб турарди.
Ташқи томондан кўринишим жуда ориқ эди, мушакларим ҳам йўқ эди. . Мен жуда истеъдодли эканлигимни билардим, лекин 11 ёшимда мен бошқалардан кўра кўпроқ ва қаттиқроқ ишлайман деб ўзимга-ўзи, ваъда бердим, ёш боладек ўйнашни, ўзимни боладек тутишни тўхтатаман. Дунёда энг зўр футболчидек машғулот ўтказаман деб қарор қилдим. Бу мотивация ўзимда қайердан пайдо бўлганини билмайман. Менимча, бу ички ҳис-туйғулар ортидан пайдо бўлган. Бу тугамайдиган футболга нисбатан очлик туйғуси эди.
Кечқурун ўз устимда ишлаш учун ётоқхонадан яширинча чиқиб кета бошладим. Мен жисмоний ҳолатим анча бақувватлашиб борар эди. Шуғулланиш учун жамоага қўшилганимда, илгари менинг ориқлигим ҳақида гапирадиган одамлар, менга нисбатан ҳайрон кўзлари билан боқишар эди.
15 ёшли пайтимда, машғулот пайти жамоадошларимга қарата: «Бир куни мен дунёдаги энг зўр футболчи бўламан», деб айтдим. Улар кулиб юборишди. Ахир, ўша пайтда мен ҳатто «Спортинг»нинг ҳам асосий таркибида ҳам бўлмаганман, лекин ўзимга жуда қаттиқ ишонардим.

«Спортинг»да асосий таркиб ўйичиси бўлганимдан сўнг, кўпроқ нарса ҳақида ўйлай бошладим. Мен Португалия терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед»да ўйнашни хоҳлардим, чунки Премер-лигани телевизор орқали ҳар доим томоша қилардим. У ердаги тезлик ва мухлисларнинг ҳайқириқлари мени ҳайратга соларди. «Манчестер Юнайтед» футболчисига айланганимда, мен ўзим билан ниҳоятда фахрланардим, аммо оилам бундан ҳам фахрланган бўлса керак.

Аввалига совринлар ютган пайтимда, жуда катта ҳаяжон бўларди. «Манчестер Юнайтед» билан Чемпионлар Лигасидаги биринчи ғалабам ҳаамон эсимда. Мен шунчалик ҳайратда эдимки, ўзимга-ўзим: «Наҳотки эришдим.» деган гапни айтардим. Биринчи «Олтин тўп»ни ютганимда ҳам шундай ҳолат бўлган. Аммо мен ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамаганман. Орзуларнинг моҳияти аслида, шундай эмасми? Кейинчалик, ўзим учун янги чақириқни хоҳладим. Ҳар доим “Реал Мадрид” жамоасига қойил қолганман, шунинг учун уларнинг таклифини тезда қабул қилдим. “Реал” билан совринларни ютиб, барча рекордларни янгилаб, клуб афсонасига айланиш ҳақидаги ҳаёлларни сура бошладим. Сўнгги  йиллар давомида Испанияда мен ақл бовар қилмайдиган ишларни бажардим. Аммо, ростини айтсам, вақт ўтиши билан медаллар менга бошқа ҳис-туйғуларни бера бошлади, айниқса сўнгги икки йилда.

Оталик бу бутунлай бошқача туйғу. Мен буни тасвирлаб беролмайман. Шунинг учун Мадриддаги ҳаётим ўзгача бўлган. У ерда ҳам футболчи, ҳам ота эдим.
Чемпионлар Лигаси тарихга кирган кунимиз, Кардиффдаги финалда ўғлим ҳам бор эди. Кубокни қўлга киритганимизда, кичик Криштиану менинг атрофимда югуриб юрарди. Ўғлим билан кубокни кўтариб, кейин унинг қўлидан ушлаб, майдон бўйлаб айлантирдим. Бу қандай қувончлигини сезаяпсизми? Мен ота бўлгунимгача буни тушунмасдим. Биз шу қадар бахтли эдикки, буни тасвирлашга сўзлар топиш имконсиз. Буни фақатгина Мадейрадаги ўйин олдидан исинаётганимда ва онам ва опаларим трибунада ўтирган ҳолатни кўрганимдаги хурсандчилик билан таққослашим мумкин.

“Сантяго Бернабеу”га қайтиб, мухлислар билан байрам қилаётган кунимиз, ўғлим Марсело билан ҳамманинг кўз ўнгида тўп тепди. Бу холат менинг кўчада тўп тепишимдан анча фарқ қиларди. Аммо умид қиламанки, ўғил менга ўхшаб ўзини бахтли ҳис қилган.

Ҳозир, мен ҳар доимгидек яна мақсадга эгаман. Туринда рекордларни янгилашни, имкон қадар кўпроқ соврин ютишни хоҳлайман. Бу менинг қонимда бор.

Аммо Испанияда ўйнаган вақтим, мен учун энг муҳими, чемпион бўлганимда, ўғлимнинг қўлидан ушлаб, майдон бўйлаб пиёда юрганим. Бу ҳақда невараларимга 95 ёшимда айтиб бераман.

 

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Манба: stadion.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг