Футбол — эркаклар ўйини! Миллионлар ўйини тарихидаги энг қўпол ўйинчилар

Бугунги футбол етарли даражада юмшоқ бўлиб, тўп учун курашда том маънода жонини берадиган ўйинчилар жуда камдан кам учрайди. Бироқ бундан 15-20 йил олдин ҳақиқий жангчилар жуда кўп эди ва улар доимо ўз ҳаракатлари билан диққат марказида бўлиб келган. Қуйида якка курашларда ўзини ҳам, рақибини ҳам аямаган футболчилар ҳақида фикр юритилади.

Эдгар Давидс

Ушбу таянч ярим ҳимоячиси ўз позициясининг ҳақиқий эгаларидан бири эди. Деярли ҳеч қайси футболчи нидерландияликнинг олдида ўз техникасини намойиш этишни хоҳламасди. Эдгар ўз қўполлигининг «чўққиси»га «Ювентус»даги фаолиятида чиққан, ўшанда у Чемпионлар Лигасининг бир мавсумида нақ 4 та қизил карточка олганди. Аҳвол шу даражага етиб борардики, Давидс ҳатто ўртоқлик учрашувларида ҳам қизил карточкалар олар ва рақиблар билан ёқалашиб кетарди.

Рой Кин

Қизил карточкалар сони (14) бўйича АПЛ рекордчиси Рой Кин фақатгина оёқлари ёрдамида тўпни рақибларидан тортиб оларди. Бунда у юқорида таъкидланганидек, на ўзини ва на бошқаларни аяб ўтирарди. Рой ҳатто бир сафар Алф-Инге Ҳоландга («Боруссия Д» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланднинг отаси) қасддан жароҳат етказганди. Натижада катта Ҳоланд ушбу жароҳат туфайли фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлганди.

Кимдир унинг асабига тегган тақдирда Рой, албатта, буни жавобсиз қолдирмаган. Шунга қарамай Кин вақтида ўз жамоаларининг («Манчестер Юнайтед» ва Ирландия термаси) том маънодаги етакчиси ва афсонаси бўлган.

Женнаро Гаттузо

Эҳтимол, Гаттузо футбол тарихидаги энг ҳиссиётларга берилувчан футболчи бўлса керак. Якка курашларда ва рақиб ҳужумларини тўхтатишда унга тенг келадигани йўқ эди. Шу билан бирга у бунда рақиблар тугул жамоадошларини ҳам аяб ўтирмасди. Давидс билан бўлгани каби рақиблар италияликни алдаб ўтишга урингандан кўра тинчгина тўпни шеригига оширишни афзал кўрарди. Шу тариқа айни дамдаги «Наполи» бош мураббийига ўз вақтида «қўриқчи» лақаби берилганди. У эса бу номни тўлалигича оқлаган.

Найжел де Йонг

Агар Гаттузо ўз ҳиссиётларини жиловлашга ҳаракат ҳам қилиб кўрмаган бўлса, Найжел де Йонг ўз қўполлигидан умуман уялмасди. Бу қўполликлар 2010 йилда ўз «чўққиси»га чиқади. ЖАРда бўлиб ўтган 2010 йилги Жаҳон Чемпионати финалида де Йонг Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Хаби Алонсога кунг фу услубида зарба беради, етмаганига эса ҳеч нарса қилмагандек икки қўлини баланд кўтариб, ажабланиб ҳам қўяди. Ажойиб ҳолат-а? Шунингдек, у айнан шу йилнинг ўзида яна икки нафар футболчининг оёғини синдиришга «муваффақ» бўлади.

Пепе


Португалиялик ҳимоячи фаолияти давомида «Порту», «Реал» ва «Бешиктош» каби жамоаларда ўйнаган. Ҳозирда эса яна қадрдон жамоаси «Порту» шарафини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, у доимий равишда ватани (Португалия) терма жамоаси ўйинларига жалб этиб келинади.

Пепе, айниқса, Испанияда ўйнаган кезлари ўзининг даҳшатли ва хунук хатти-ҳаракатлари билан барчани ҳайратга солиб келарди. Ла Лига доирасида ўтказилган «Хетафе»га қарши баҳсда Пепе рақиб жамоа сардор Франсиско Каскерони майдонга йиқитади, шундан сўнг уни бир неча бор тепади ҳам ва охирида унинг қўлини босиб ўтиб кетади. Бироқ бундай ҳолатлар Пепенинг фаолиятида кўп маротаба содир бўлган ва футболчи бунга кўникиб ҳам қолган бўлса керак. Бундан ташқари португалиялик футболчи деярли ҳар бир ўйинда қоидаларни қўпол равишда бузишдан ва рақибларга кутилмаганда зарба бериб қолишдан ҳам заррача «тортинмайди».

Daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг