Аёллар, папирос ва пиво адойи тамом қилган буюк футболчи тарихи

У “World Soccer” журнали ўтказган сўровнома натижаларига кўра, ўтган асрнинг энг кучли футболчилари рўйхатида 63-ўринни банд этган. Гап Бразилия терма жамоасининг 1982 ва 1986 йилларда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги сардори Сократес ҳақида бормоқда.

Сократес солиқ агенти ва фалсафанинг мухлиси бўлган Раймундонинг оиласида туғилган.Улар оилада тўрт фарзанд эдилар. Қаҳрамонимиз болалигиданоқ футболга меҳр қўйди. “Рано де Оуро” клуби унинг биринчи жамоаси бўлганди.

— Бир куни мен майдон четида туриб футболчиларнинг қандай машғулот ўтказишларини кузатиб тургандим, — дея эслаганди кейинчалик Сократес. — Азбаройи ўйинчилар билан бирга шуғулланиш истаги кучлигидан мураббий олдига бордим. Мен ҳатто унинг исм – шарифини ҳам билмасдим. Тренер мендан қандай позицияда ўйнашимни сўради. “Ярим ҳимоя чизиғи”да деб жавоб бердим. Буни қарангки, ўша паллада ўнг қанот амплуасида улар бир ўйинчига эҳтиёж сезишаётган экан. Мураббий менинг 11 яшар эканимга, катта ёшли футболчилар билан ўйнашга тайёр ёки тайёр эмаслигимга, бутсим йўқлигига қарамай шу чизиқда ўйнашимни сўради. Футболдаги фаолиятим шу тариқа бошланди. Орадан икки кун ўтиб клубнинг тилларанг чизиқ юритилган оппоқ футболкасини олдим. Ўшандаги ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаш мушкул…

Бироқ отаси футбол ўйнашни тақиқлаб қўйди. Чунки у тўп ортидан югуришни вақтни беҳуда кеткизиш деб билар, болаларининг илмли кишилар бўлиб етишишларини хохларди. Натижада Сократес отасидан яширинча футбол ўйнаб юрди.

16 ёшга кирганида у билим олаётган коллежнинг тренерига маҳаллий клуб “Ботафого”да ишлаш таклифи тушди. Мураббий ўзининг тўрт футболчисини шу клубга чақириб олди. Улар орасида Сократес ҳам бор эди.Клуб билан шартнома тузди. Қизиғи, битимда қаҳрамонимизнинг истагига кўра, битта банд киритилди. Шу бандга мувофиқ, клуб унинг ўқишига халал бермаслиги керак эди. Гап шундаки, Сократес болалигидан шифокор бўлиш ниятида эди. Футболни эса у шунчаки хобби деб биларди.

Шу тариқа беш йил давомида ҳам ўқиди, ҳам футбол ўйнади. Врачлик дипломини олгач эса уни “Коринтианс” клуби харид қилди. Машҳурлик борасида Бразилиядаги иккинчи клуб саналган бу жамоанинг 2006 йилдаги маълумотларга кўра, 24 миллион нафар мухлиси бор эди.

 

Қаҳрамонимиз футбол майдонида енгилмас курашчини эслатарди. Яхши дриблингга эга бўлишидан ташқари, ақлли футбол ўйнашни қойиллатарди. Тўп билан ажойиб муомала қиларди. Майдондаги ҳаракатларини самбо раққосиникига қиёслашарди. Пенальтини югурмай туриб тепарди. Шерикларига тўпни товони билан пас бериб рақиб ҳимоячиларини ноқулай вазиятга тушириб қўярди. 1983 йилда Сократес Жанубий Американинг энг кучли футболчиси деб топилгани бежиз эмас.

У 24 ёшидаёқ майдонда “миллионлар ўйини”нинг профессорига айланиб улгурганди.

Бунинг устига сиёсат майдонида ҳам ўзини кўрсатди. Бразилиянинг ўша пайтдаги ҳарбий режимини ошкора танқид қилиб, демократия курашчисига айланди. Бир гал у бошлиқ футболчилар учрашувга “Ғалаба қозон ёки ютқазгин, фақат демократия билан” деган сўзлар ёзилган баннер билан келишганди.

“Коринтианс” сафида у 297 та ўйин ўтказиб 172 та гол киритди. Қанот ўйинчиси учун бу ажойиб натижа. Тўғри, топиш-тутиши ҳам ўйинига мос эди. Ойига 20 минг АҚШ доллари ишлаб топарди. Ўша паллада бу Бразилия футболидаги энг катта маош саналарди.

Сократес Бразилиянинг “Ботафого”, “Фламенго”, “Сантос”, Италиянинг “Фиорентина” клублари шарафини ҳам ҳимоя қилди. Қаерда тўп сурмасин, мухлислар ҳурматини қозонди. “Футбол бу — соф санъат. Ўйинчилар ижод қилишлари керак» деб ҳисобларди у. Қизиғи, Сократес кўп югуришни ёқтирмасди. Ярим ҳазил, ярим чин қилиб, “Пас бериш имкони бор экан, югуришнинг нима ҳожати бор? Ахир, тўп одамдан тезкорроқ-ку” дерди.

1982 йилги Бразилия терма жамоаси ўз сардори Сократес бошчилигида футболни чинакамига санъатга айлантиришган эди. Жаҳон чемпионатида улар намойиш этган ўйин каминанинг ҳамон кўз ўнгида. Гуруҳ босқичидаги собиқ СССР терма жамоасига қарши ўйинда Пеленинг ватандошлари 1:0 ҳисобида ютқазишаётганди.Ана шундай ҳаяжонли паллада айнан Сократес жавоб тўпини йўллаган, кейин эса катта саҳнага Эдер чиққан эди.

Тўғри, жаҳон чемпионлиги итальянларга насиб этганди. Аммо таркибида Зико, Сократес, Фалкао, Эдер ва Серезо каби юлдузлар бўлган бразилияликларнинг такрорланмас, жозибадор ўйинлари барчани лол қолдирганди. Улар мағлубиятга учрашганида нафақат бразилиялик фанатлар, балки бутун дунё футбол мухлислари йиғлашганди, десак муболағага йўйманг.

Сократес профессионал футбол билан шуғуллана туриб, Сан-Паулу университетидан врачлик дипломини ҳам олди. Спортдаги фаолиятини тугатганидан сўнг эса философия фанлари доктори илмий даражасига эришди. Мухлислар унга “Доктор Сократес” лақабини бежиз беришмаган.

Футбол ортидан ишлаб топган пулларининг кўпини тиббиёт клиникасини очиш, реконструкция қилишга сарфлади. Айтишларича, кабинети тўрида буюк файласуф Суқротнинг бюсти турган.

2011 йилнинг августида оғир хасталикка учраб шифохонага тушди. Сентябрда соғайиб чиқди. Аммо 3 декабрга келиб аҳволи яна оғирлашди. Орадан бир кун ўтиб вафот этди. Ўшанда у 57 ёшда эди. Сократес ҳаётдан кўз юмганидан бир неча соат ўтиб қадрдон жамоаси “Коринтианс” мамлакат чемпионатининг сўнгги турида “Палмейрас” билан дуранг ўйнаб, бешинчи бор чемпион бўлди. Ўша учрашув Сократеснинг хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланганди.

Қаҳрамонимизнинг ўзига келсак, ўлимидан сал олдин берган бир интервьюсида “Мени аёллар, папирос ва пиво адойи тамом қилди”, деган эди.

Футбол майдонида ўз жамоаси билан манаман деган рақибларни таслим этган, клиникадаги фаолияти давомида юзлаб фуқароларнинг саломатлигини асраган профессор буни қарангки, ўзининг саломатлиги ҳақида қайғурмади. Зарарли одатларни енгиб ўтолмади. Охир-оқибат уларга мағлуб бўлди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.Xs.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг