Буюк ҳужумчи фаолиятини якунлади: Футбол олами учун совға бўлган Уэйн Руни ким эди? (видео)

Буюк ҳужумчи фаолиятини якунлади, аммо биз ҳали бунга кўника олмадик.

850 ўйин, 350 гол ва 16 та соврин билан Уэйн Руни фаолиятини якунлади. У «Олд Траффорд»даги минглаб мухлислар қаршисида эмас, бегона шаҳар стадионининг бўм-бўш трибуналари қаршисида бутсасини михга илди.

Шунча муваффақиятларнинг якуни бахтсиз бўлди. Ҳеч қанақа кулгу, ҳеч қанақа кўз ёшларсиз. Шунчаки фаолият тугатилиб, мураббийлик сари қадам қўйилди.

Барчаси бунақа бўлмаслиги керак эди – аммо футбол шафқатсизликни яхши кўради.

Руни футбол сирларини кўчада ўрганган. Крокстет кўчаларида у футбол ўйнашни бошлаган. Унинг муваффақият билети – «Арсенал»га киритган голи эди. Ўшанда Руни 16 ёшда бўлган.

«Уэйн Руни – футбол олами учун совға эди» – дейди Линекер. Унинг сўзларига қўшилмасликни иложи йўқ. Бир ярим йилдан сўнг «Эвертон»даги ўйинлари орқали Евро-2004 га терма жамоа рўйхатига киритиладиган бўлди.

Шветсарияга қарши биринчи ўйинда Руни гол урди. Шу билан мусобақа тарихидаги гол урган энг ёш футболчига айланди. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганда у яна битта гол киритди.

Кейин Уэйн Хорватияга ҳам гол урди. Олдинда чорак финал кутарди. Афсуски, жароҳат унга панд берди. Англия ўшанда кучли эди, лекин ёш ҳужумчисиз унга нимадир етишмади, пенальтилар церийасида ғалаба қозонган Португалия кейинги босқичга чиқди.

2006 йилги мундиалга жароҳати билан йўл олди. Мусобақада Руни қизил карточка олди. Португалияликлар яна пенальтилар церийасида «уч шерлар»ни мағлуб этди.

Евро-2008 га Англия қатнашмайдиган бўлди. 2010 йилги мундиалга ҳам жароҳат билан борди.

2014 йилги жаҳон чемпионатига Руни 100% тайёр эди. Афсуски, майдоннинг ҳар қайси бурчагидан гол ура оладиган аввалги ливерпуллик футболчи эмасди.

Нега шунақа? Руни доимо ёрдамчи футболчи ролида бўлган. «Манчстер Юнайтед»да у Нистелройга ёрдам берган, голландиялик футболчи жамоани тарк этгач, Криштиану Роналду катта саҳнага чиқиб келди. Уэйн унга ҳам ёрдамчи бўлди.

2007/08 йилги мавсумда футболчи жамоа тўпурарига айланишига бир баҳя қолганди. Лекин Карлос Тевес ундан ўзиб кетди. Руни ҳеч қачон майдондаги вазифасидан нолимаган. Шунинг учун Фергюсон уни ҳурмат қиларди.

«Унга исталган вазифани беринг ва у албатта бажаришга уринади. Барча юлдузлар ҳам бундай қилмайди» – дейди Англия мураббийи Рой Ҳожсон.

«Юнайтед» ўшанда Чемпионлар лигаси ва АПЛ совринларини қўлга киритганди, Руни эса ҳар доимгидек иккинчи планда эди. Келаси мавсум эса у асосий планга ўтди. Роналду «Реал»га ўтиб кетди.

Уэйн тўпурарга айланди. Барча голларини жарима майдони ичида урарди. У ривожланишда давом этарди.

Ўша мавсумдаги 26 та гол унга тўпурарликни ҳадя этмади. 29 та гол билан Дидие Дрогба чемпионат тўпурарига айланди. Футболчини эса ўзгаришлар кутиб турарди.

ЖЧ-2010 да Руни «ўнлик» сифатида қатнашди. Ўзи учун янги позиция бўлишига қарамасдан, унга бу роль ёқарди. Фергюсон энди Бербатов ёки Хавер Эрнандесни олдинга қўярди.

Руни 11 та гол урди. Жамоа эса чемпионликни нишонлади. Чемпионлар лигасида эса кумуш медални қўлга киритди.

Ўшанда мухлислар уни тўпурар сифатида эмас, етакчи сифатида кўра бошлади. «Вест Бромвич»га қарши баҳсда «Юнайтед» 2:1 ҳисобида олдинда бораётган эди, Руни жароҳат олди. Унинг ўрнида исталган футболчи майдонни тарк этарди, аммо Уэйн ўйин тугашига ҳеч қанча қолмагани учун охиригача ўйнашга қарор қилади.

2011/12 йилги мавсум Руни учун энг охирги ажойиб мавсум эди. У гол уришда давом этарди. Мавсум якунида 27 гол билан тўпурарга айланиши мумкин эди, аммо «Арсенал» сафида Ван Перси ундан ўзиб кетди.

Шотландиялик мураббий жамоадан кетгач, Рунининг ўйинида пасайиш юзага келди. Ҳаттоки, Девид Моеснинг омадсиз мавсумида ҳам Руни 17 та гол киритган эди. Луи Ван Гал келиши билан футболчининг ўйини йўқолиб қолди.

Йилдан йилга унинг ўйинида пасайиш юзага келарди. Мухлислар эса уни доим асосий таркибда кўришни хоҳларди. 2016 йилда у Алан Ширердан сўнг АПЛ тарихидаги иккинчи тўпурарга айланди. 2017 йилда эса «Юнайтед»нинг буюк тўпурари бўлди. Шветсарияга киритган голидан сўнг, Англия термасида ҳам тўпурарга айланди.

2004 ва 2006 йилларда жароҳат олмаганда, балки Руни терма жамоада ҳам нимадир юта оларди.Уэйн бир йилда терма жамоа билан ҳам, «Юнайтед» билан ҳам хайрлашди. У «Эвертон»га қайтди. Руни у ерда ҳам гол уришда давом этди.

Англияни тарк этган Руни АҚШга йўл олди. Океан ортида ҳам голлар уриб, «Ди Си Юнайтед»нинг муваффақиятига ҳисса қўшди. АҚШда соврин юта олмаган Руни ўз Ватанига қайтди. «Дерби» сафига ўйновчи мураббий бўлиб қўшилди. Мураббийлик сирларини ўрганишни бошлади. У билан жамоа 17-ўриндан 8-ўринга чиқиб олди.

2020/21 йилги мавсум «Дерби» учун қийин кечяпти. Руни шунда ҳам «Норвич» дарвозасига ажойиб гол киритди.

Ноябрь ойида уни мураббийликка таклиф этишди ва январь ойида шартнома имзоланди. Унинг ёрдами билан жамоа аутсайдерлар қаторидан юқорига чиқди. Янги мураббийнинг фаолияти омадли бошланди.

onside.uz (Дадахон Хасанов тайёрлади)

Дўстларингизга билан баҳам кўринг