Очликдан бадавлатликкача! сиёсатчиларга қарши чиққан футболчи ҳикояси

«Манчестер Юнайтед» аъзоси Маркус Рэшфорд босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида фикр юритади.

Англиянинг шимолий ғарбидаги кичик шаҳарчада Хеллоуин байрамини Рэшфордлар оиласи ўзгача кутиб олди. 1997 йилнинг 31 октябрь санасида Роберт ва Мелани оиласида чақалоқ дунёга келди…

Болалик

2 ёшли чоғидаёқ чарм тўпга меҳр қўйган болакай акалари билан копток ўйнашни бошлади. Вақт ўтиши билан Рэшфорд футболга ошно тутинди. Болакайнинг катта кўчада тўп тепаётганини кўрган Роберт уни футбол тўгарагига олиб боришга қарор қилади. Эътиборлиси шундаки, Роберт маҳаллий «Флетчер Мосс Рейнжерс» жамоасида ёшлар мураббийи эди. Тўгаракдаги тенгқурларидан бир бош устун даражада тўп тепаётган Маркусни скаутлар кўз остига ола бошлади.

Шу тариқа, 8 ёшли Маркусни «Манчестер Юнайтед» академиясига таклиф этишди. Рэшфорд ёш бўлишига қарамай, майдонда ақл билан қарор қабул қилиши билан бошқалардан ажралиб турган. Бундан ташқари, ажойиб тезлик ва сўнгги зарба борасида унда муаммо бўлмаган.
Маркуснинг биринчи устози ва отаси унинг ёшлиги ҳақида қуйидагича хотирлайди:

«Тўғриси, унинг тўп билан муомалада бўлиши мени ҳайрон қолдирган. У сира шошилмайди, бироқ чаққон ҳаракат қилади. Унда доимо рақибни алдаб ўтиш учун дриблинг ёки финт бўлади. 4-5 ёшли болада бунақаси жуда кам кузатилади. Маркус иқтидор билан чекланиб қолмай, меҳнат қилишдан қочмаган. Шу боис, тенгдошларидан анча илгарилаб кетган».

“Қизил иблислар”

«Манчестер Юнайтед»даги илк машғулотидан сўнг, Рэшфордларнинг кичиги уйга махсус тўп билан қайтди. Унда «Marcus’s ball» деб ёзилган эди. Бу эсдалик ҳали-ҳамон унинг уйида. Болаликдан ёдгорлик бўлиб қолган.

EldHrAqXIAYu3m7

Тинимсиз машғулотлар сабабли Маркус қолганлардан ҳар жабҳада ўзиб кетади. Унинг бўйи ва кўриниши ҳам бошқаларникидан ажралиб турар, шу сабабли, бундан болакай хижолат бўларди. 15 ёшга тўлганида эса, тенгдошларидан бир неча ёш катталардек кўрина бошлайди.

У 16 ёшда ўз баданини бошқариш борасида махсус дарслар олишни бошлади. Бу кейинроқ катта эффект берди. Икки йиллик машғулотлар сабабли 18 ёшда 90 дақиқа тўп суришга қодир жисмоний имкониятлар эгасига айланди. Футболчи ўз эволюцияси ҳақида қуйидагича хотирлайди:

«Мен катта бўлган шаҳарчада ҳаёт жуда мураккаб. Гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси авж олгани учун кўчада ўз-ўзингни ҳимоя қилишга мажбур бўласан. Шу боис, жуда эрта мустақил бўлишга, ўзимни ҳимоя қилишга интилганман. Бу инстинкт кейинчалик характеримга таъсир кўрсатди. Ҳар қандай вазиятда фақат ўзимга ишонишим лозимлигини айнан Манчестернинг қоронғи кўчаларида ўрганганман».

2011 йилга келиб, қаҳрамонимиз фаолиятидаги илк совринни қўлга киритди. “Манчестер Юнайтед”нинг U-18 жамоасида Поль Погба ва Жесси Лингард билан Англия кубогида зафар қучган Маркус, таркибдаги энг ёши кичиги эди.

Футболчи 18 ёшга тўлганида, ўзининг майдондаги асосий вазифасини аниқлаб олди. Бунда Криштиану Роналдунинг хизмати катта.

«Роналду Манчестерга келганида, майдонда исталган трюкни кўрсатишга қодир футболчи эди. Шунга қарамай, у гол киритишни ва жамоасига ғалаба олиб келишни афзал кўрди. У ўз ўйин манерасини ўзгартирди. Ваҳоланки, чиройли футбол кўрсатиш мухлислар эътиборини тортади, аммо Криш натижани биринчи планга олиб чиқди. Роналду ўз менталитетини ҳужумчига ўзгартирди. У икки оёқда ва бош билан сўнгги зарба беришни ўрганди ва бу ишда барчадан ўзиб кетди. Мен ҳам у сингари майдонда ҳаракатларимни ўзгартирдим».

0_RashfordRonaldo

Бу қарор кўп ўтмай фойда беришни бошлади. Маркус турли финтларни ўзлаштириш учун кетказаётган вақтини тўлиқ икки оёқда кучли ва аниқ зарба беришга сарфлай бошлади. Ўз тезлиги ва танасини бошқаришга урғу берди. Тўғри овқатланиш ва вақтида уйқуга ётишни одат қилди.

Маркуснинг дебют учрашуви бошқаларникидан ажралиб туради. Луи ван Гал аввал бошидан Маркусни майдонга туширишни режалаштирмаган эди. Антони Марсьяль жароҳат олгач, мураббий Европа Лигаси учрашувида Рэшфордга имконият беришга қарор қилди. Бу инъомдан Маркус жуда унумли фойдаланди.
«Мидтьюлланд»га қарши баҳсда иккита гол киритди.

Куни кеча Эштондаги мактаб ўқувчиси бўлган ўспирин омадли дебютдан сўнг, бўлажак суперюлдуз мақомига кўтарилди. Кўп ўтмай, Маркуснинг имкониятларини тўлиқ очиб берган учрашув бўлиб ўтди.

«Мен якшанба куни эрта уйғондим. Тушгача уй вазифаларимни бажардим. Кечқурун «Арсенал»га қарши ўйинда иштирок этиш учун стадионга ташриф буюрдим. Бу баҳсда ҳам 2 та гол киритдим. Ўйиндан сўнг, ҳамма ғалабани нишонлаш мақсадида ресторанга йўл олдим. Мен уйга кетдим. Сабаби, эртага эрталаб мактабга боришим керак эди…»

Marcus-Rashford-4-1800x1013

Бу баҳс Рэшфорднинг трансфер суммасини бир кунда 20 баробар ортиб кетишига сабаб бўлди. «Қизил иблислар» сафида иккита учрашув ва 4 та гол. Бундан ортиғини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Қаҳрамонимиз Англия терма жамоаси сафида ҳам жуда ёрқин дебют қилди. Австралияга қарши ўртоқлик учрашувининг 138 сониясида гол киритди ва терма жамоада бўлишга лойиқ эканлигини кўрсатиб қўйди. Якунда, уни “Евро-2016” га олиб кетишди.

Катта футболга эрта кириб келган бўлса-да, вундеркинд жамоасидаги энг кам маош олувчи футболчи эди. Ҳафтасига 500 фунт. Кўплаб гранд клублар бу вазиятдан фойдаланиб қолиш мақсадида Маркус билан алоқага чиқишга уринди. «Сити», «Бавария» ва «Челси» ёш футболчига ҳафтасига 75 минг фунт тўлашга тайёр эканлигини маълум қилган бўлса-да, ҳужумчи клубга содиқ қолди. Кўп ўтмай, «қизил иблислар» академия тарбияланувчиси билан янги шартнома имзолади. Унга кўра ҳужумчи йилига 11 миллион евро маош олади.

Ўзлигини унутмаган шахс

Пандемия чоғида Маркус ўзини тўлиқ хайрия ишларига бағишлади. Етим болаларга кийим-бош етказиб берди. Қийналиб қолган оилаларни озиқ-овқат билан таъминлади. У ўз хайрия ишлари ҳажмини тобора катталаштириб бормоқда. Маркус ўзининг биринчи хайрия компаниясида 200 минг фунт йиғишни режа қилган эди, аммо қисқа муддатда бу сумма 20 миллионга қадар ортиб кетди. Пандемия чоғида ижтимоий қийин аҳволдаги болалар учун Маркус ҳатто парламентга қарши чиқишгача борди. У ўз ижтимоий тармоқлари орқали Буюк Британияда бепул тушликни бекор қилинганини қаттиқ танқид қилди. Давлат бунга эътибор бермагач, ўзи ташаббус кўрсата бошлади.

rashford-kids

Маълумотларга қараганда, футболчи очган фонд деярли 400 минг болакайни очликдан асраб қолмоқда. Унинг бу ҳаракатидан илҳомланган ресторан ва кафелар бу ҳаракатга қўшилишга қарор қилди. Соддароқ қилиб айтганда, Маркус оғир дамларда инсонларга ёрдам беришдан тўхтаб қолмади.
Унинг бу меҳнатлари кўп ўтмай Қирол саройида эътироф этилди. 23 ёшли футболчи кўрсатган қаҳрамонлиги учун орден (Member of the Most Excellent Order of the British Empire) билан тақдирланди. Октябрь ойида эса, Британия империяси кавалерига айланди. Бу соврин шу кунга қадар, мамлакат равнақи учун улкан ҳисса қўшган инсонларгагина топширилган.

«Мен ҳам бундан 10 йил илгари бепул тушликка умид қилиб, мактабга йўл олувчи болакай эдим. Ҳозир менда ҳаммаси яхши, аммо бу аслида қандай оилада катта бўлганимни унутишимга сабаб бўлмайди. Ўзимни супер иқтидор эгаси, деб атамайман. Мен шунчаки омадли йигитман холос. Бу омад ортидан келган барча нарсамни қийналаётган болалар билан бўлишишга тайёрман. Бир пайтлар мен ҳам улардан бири эдим».

Вақт ўтиши билан, Рэшфорд “Манчестер Юнайтед”нинг ҳужумдаги асосий қуролига айланиб борди. Терма жамоадан ҳам мунтазам чақирув ола бошлади. Шунга қарамай, унда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Бошқа ёш футболчилар сингари Рэшфорд турли қимматбаҳо машиналар, вилла ёки олмос соатларга меҳр қўймади. У учун ҳаётнинг барча лаззати яшил майдон ва чарм тўп эди. Самимий ва камтарин шахс сифатида тарбияланган ўспирин бугун «Манчестер Юнайтед»нинг келажаги, деб эътироф этилмоқда!

Манба: sports.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг