Ўзбек футболига болта ураётган НАДБАВКА!

2018 йил воҳа-воҳ билан академия лойиҳаси тузилди. Номи улуғ, супраси қуруқ лойиҳа. У ерга мамлакатдаги мавжуд энг яхши 2007 йилда туғилган футболчилар тортиб олинди ва ўқишга жойланди. Ундан кейин 2008 йиллар. Ҳоким билан қўрқитганлар ҳам бўлди, бермасанг ҳоким бувага айтамиз… БЎСМ мураббийларининг кўзи очилди, қараса бу мажбурий иш ортида ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Ундан ташқари, уларга ваъда қилинган ҳар бир бола учун тўланадиган устама ҳақи йўқ бўлиб чиқди. Натижада БЎСМ мураббийлари бу болани икки қўллаб топшириб қўйиш билан бир қаторда, ўзларининг мусобақаларида ўйната олмайдиган бўлдилар.

Бу лойиҳанинг салбий оқибатлари натижасида 2006, 2007 ва 2008 йилда туғилган вилоятдаги болалар яхши чемпионатга эга вилоятларга кета олмаяптилар. Уларнинг аксариятининг паспортлари олиб қўйилган ва бу қонунга зид. Содда ота оналарга эса, сен биз билан қўл қўйиб қўйгансан, ўғлинг охиригача бизда ўқишга мажбур деган важни келтиришади. Уларнинг ичида қонунни билгувчилари аллақачон фарзандларининг фойдасига қарор чиқаришда ўзларида куч топа олганлар. Лекин кўпчилигини ота-онаси ўғлига яхши жамоалардан таклиф бўлаётганлигини билмайди. Сабаби, мураббий ва директор учун НАДБАВКА керак. Агар улар мусобақада ярим финалгача етиб бормаса уларнинг маоши ошмай тураверади.

Бу иллат бутун бошли авлод, 2006, 2007, 2008 йилларни деярли мусобақаси мавжуд бўлмаган академияларда йўқ бўлиб кетишига сабаб бўляпти. 2018 йил энг кичик ёшдаги 2006 йилларгина уй сафар тизимидаги чемпионатда ўйнашди. Аммо 2007 ва 2008 йиллар ҳеч қандай мусобақа кўрмади деярли. 2021 йилга кўра улар яна эски тартибда мусобақада ўйнайдилар. Сабаби энди аввалги лойиҳа мавжуд эмас, академияларни номи ўзгарган ҳолда Спорт вазирлигига ўтди. Энди улар бир йилда 2 маротаба марказлашган мусобақада ғолиблик учун кураш олиб борадилар холос ва бу, бор йўғи 2 ҳафтани ташкил этади. Агар мусобақанинг кейинги босқичига чиқа олмасангиз, унда 1 ҳафта. Яна шундай Ўзбекистон Кубоги бор.

Буни ечими борми? Бор албатта.

Академиядан бошқа клубга ўтадиган футболчи, академиялар мусобақасида ўйнаш ҳуқуқини сақлаб қолиши керак. Масалан, Жиззах академияси 2005 йилда туғилган боласини “Пахтакор”га беради. Ўрнига бошқа ўйинчи олади. Ҳам футболчи чиқарди, ҳам бошқа ўйинчига имконият беряпти. Академиялар мусобақасида эса “Пахтакор”даги ўйинчисини ўйнатиши мумкин. Фақат у бола учун надбавка олмайди. Аммо қайдномадаги қолган 19 нафар футболчи бор. Буларни ўзи 1900 фоиз ишлаб беряпти. Шунда академиялар яхши жамоалар учун ўйинчи тарбиялашга ўтади. Сабаби яхши жамоада ўйнайдиган футболчилари, Академия мусобақасида ўша ёш тоифани кучайтирган бўлади. Лекин бу футболчи учун молия пул бермайди, тўғри. Аммо ўша 2005 йил мисолида, академиядан клубга футболчини бераётганда шартномага қўл қўяди, ўша болани мусобақа ҳаражатини клуб ўз зиммасига олади. Битта футболчининг ҳаражати узоғи 700-800 минг сўм бўлади.

Биз миллиардлар ишлатмаймизми, агар ҳар бир вилоятнинг ўзининг шахсий кучли чемпионати бўлмаса бари бефойда. Энг зўрман деган академияларни 17-18 ёшли футболчиларини кўринг. Уларни зўрлигидан асар ҳам қолмайди, вақт ўтгач. Сабаби улар зўр бўлиб йиғилади, лекин зўр бўлиб мусобақаларни кўрмайди. Ҳар қандай машғулот, ҳар қандай кучли мураббий бўлмасин, бола мусобақа кўрмаса бари бефойда. Камига ўша вилоятнинг Суперлигадаги ё клуби бўлмайди ё борини эса ўринбосарларига эътибор – 0!

Футболчининг манфаатини ойликдан устун қўймаган ҳолда, ўзидан яхши жамоа чиқса индамай қўйиб юбориш керак. Чунки ҳеч бир директор чўнтагидан ҳаражат қилиб бола боқиб қўйган жойи йўқ. Эртага у ойлик олишда давом этади. Лекин боланинг тақдирини ортга қайтариб бера олмайди. Бола ойлик учун эмас, Ватан учун улғайиши керак.

Агар биз вилоятдаги болаларни охиригача ўстиришни истасак, вилоят терма жамоалари ўртасида уй-сафар тизимидаги мусобақани йўлга қўйишимиз керак. Бу ҳаражат талаб қилади, лекин биз ЖЧга чиқишни истаяпмиз-ку!?

✏️ @Nadirkhuja

Дўстларингизга билан баҳам кўринг