Кантонанинг «парвози», Суареснинг «сеҳрли қўли» ва Зиданнинг «калла қўйиши». Футбол тарихидаги энг эсда қоларли қизил карточкалар (фото)

Ҳар бир футболчи учун учрашувда қизил карточка олиш энг исталмаган ҳолат ҳисобланади. Одатда карточкалар бир неча учрашувдан кейин унутилади, аммо шундайлари ҳам борки, улар том маънода миллионлар ўйини тарихига кирган ва улар ҳақида доимо эсланади. Қуйида айнан мана шундай «қизил»лар ҳақида фикр юритилади.

Рой Кин — «Манчестер Сити»га қарши ўйин (АПЛ)

«Манчестер Юнайтед» ва «Лидс» ўртасидаги муросасиз учрашувларнинг бирида Алф-Инге Ҳоланд (Эрлинг Ҳоланднинг отаси) Рой Кин билан тўқнашиб кетади, натижада Кин жиддий жароҳат олади. Бироқ катта Ҳоланд бунга парво ҳам қилмайди ва Ройни симуляция ишлатганликда айблайди. Ирландиялик футболчи эса ўша дақиқаларни эслаб қолди ва бир йилдан сўнг жароҳатини тиклаб Ҳоландга даҳшатли жароҳат етказди. Кейинчалик Рой Кин ушбу ҳаракати билан қасос олганини ва ҳеч қачон симуляция ишлатмаслигини айтганди.

Эрик Контана — «Кристал Пэлас»га қарши ўйин (АПЛ)

1994/95 йилги мавсумда Кантона бошчилигидаги «Юнайтед» аутсайдер «Кристал Пэлас» қарши ўйин ўтказади. Рақиб бутун ўйин давомида «Юнайтед» футболчиларига нисбатан қўпол муносабатда бўлади ва уларни ўз қолипидан чиқаришга ҳаракат қилади. Натижада, «Пэлас»нинг режаси иш беради, Кантонанинг асаблари ортиқ дош бермайди ва рақибга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлади, 56-дақиқада майдондан четлатилади. Бироқ Кантона майдонни тарк этаётган вақтда трибунадаги томошабинлардан бири уни ҳақоратли сўзлар билан «сийлади». Эрик эса буни шунчаки қолдирмади ва учиб бориб, оёғи билан «Пэлас» мухлисига зарба берди.

Ўшандан кейин футболчи бутун Манчестернинг душманига айланди, аммо Алекс Фергюсоннинг оқилона ёндашуви туфайли у шартли жазо ва ахлоқ тузатиш ишларидан кўнгилдагидек ўта олди. Ва узоқ дисквалификациядан сўнг Эрик яна ўйинга қайтди ва икки бор Премьер Лигада ғолиб бўлди.

Бир неча йилдан сўнг журналистлар ундан қилган ишингиздан афсусланасизми деб сўрашганда, у қуйидагича жавоб берганди:

«Мен уни (мухлисни) қаттиқроқ тепмаганимдан афсусланаман».

Луис Суарес — Уругвайга қарши ўйин (ЖЧ—2010)

ЖАРда ўтказилган 2010 йилги Жаҳон Чемпионатининг чорак финалида Уругвай ва Гана терма жамоалари тўқнаш келади. Учрашувнинг асосий вақтида биттадан тўп киритган жамоалар қўшимча бўлимларга мурожаат қилади. Шундан сўнг ҳар иккала жамоа ўта эҳтиёткор ўйин кўрсата бошлади, бироқ сўнгги бўлимнинг охирги дақиқаларида ганаликлар Уругвай дарвозаси томон қатор ҳужумлар уюштира бошлади, жанубий америкаликлар жарима майдонида эса тартибсизлик юзага келди. Вазиятларнинг бирида Луис Суарес ўз дарвозасига кириб кетаётган тўпни қўли билан қайтариб қолади. Шундан сўнг Суарес қоидаларга кўра ўйиндан четлатилади. Уругвай дарвозаси томон белгиланган 11 метрлик зарба эса самарасиз амалга оширилди ва учрашув пенальтилар сериясига қадар чўзилди. Пенальтилар сериясида эса Уругвайнинг қўли баланд келди. Ўша вазиятда Суарес номардларча ҳаракат қилган бўлса-да, жамоаси манфаати учун тўғри қарор қилди ва ўзини қурбон қилди. Нима ҳам дейиш мумкин, футбол шуниси билан қизиқ.

Жанлуижи Буффон — «Реал»га қарши ўйин (Чемпионлар Лигаси)

2017 йилги Чемпионлар Лигасининг чорак финал жавоб учрашувида «Ювентус» меҳмонда «Реал» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. Бироқ дастлабки ўйинда худди шу (3:0) ҳисобидаги мағлубият сабабли туринликларнинг ғалабани нишонлашига ҳали эрта эди.

Ўйиннинг сўнгги паллаларига қадар ушбу ҳисоб сақланиб турди ва ҳаммаси қўшимча дақиқаларга қараб кетаётганди. Аммо охирги дақиқаларда «Реал» ярим ҳимоячиси Лукас Васкес жарима майдончаси ичида йиқилди, учрашув бош ҳаками эса ҳеч иккиланмай Буффон дарвозаси томон пенальти белгилади. Бундан дарғазаб бўлган Жижи ҳакам томон югуриб бориб, унга бақира кетди. Ҳакам бироз олдин бўлгани каби яна ҳеч иккиланмай футбол афсонасига қизил карточкасини кўрсатди. 11 метрлик зарбани Криштиану Роналду голга айлантирди. Буффон эса яна бир бор Чемпионлар Лигаси бош совринидан мосуво қолди.

«Ҳакамнинг юраги ўрнида ахлат қутиси жойлашган» — деганди Буффон учрашувдан сўнг.

Зинедин Зидан — Италияга қарши ўйин (Жаҳон чемпионати)

Эҳтимол, ушбу қизил карточка футбол тарихидаги энг машҳури бўлса керак. 2006 йилги Жаҳон Чемпионати финалида Марко Матерацци эпизодлардан бирида Зиданнинг опасини ҳақорат қилади. Зинедин эса ҳеч қачон майдондаги олийжаноб ҳаракатлари билан мақтана олмаган. Бунинг устига бу ерда гап оила ҳақида кетаётганди. Шу сабабли Зизуни қайсидир маънода оқлаш ҳам мумкин.

Ҳиссиётларига эрк берган Зинедин Матераццининг гапларига жавобан унинг кўкрак қафасига боши билан зарба беради. Марко кучли зарбадан майдонга йиқилади. Зидан ўйиндан четлатилади, Франция эса пенальтилар сериясида имкониятни бой беради. Айнан ушбу ўйиндан сўнг Зидан фаолиятини якунлаган. Зиданнинг кетиши эса ўз навбатида футбол оламида яхшигина шов-шувларга сабаб бўлган.

daryo.uz

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг