Мессини бу сафар аниқ “синдириш”ди! Ҳеч ким билиши керак бўлмаган Месси ҳақидаги сир интернетга тарқаб кетди

Лионель Месси ва “Барселона” ўртасида яна бир катта можаро келиб чиқди. Аслида ўтган мавсум якунланганидан кейин томонлар муносабатини бузган муаммоларнинг таъсири кетмай туриб, яна келишмовчиликлар авж оладиган бўлди.

Бу галги можаро Испанияда катта мавқеъга эга El Mundo нашрининг “Барселонани барбод қилган битим” сарлавҳаси остида аргентиналик футболчи ва “Барселона” ўртасида 2017 йилда тузилган охирги шартноманинг молиявий маълумотларини эълон қилгани сабаб бўлди.

Мавзуга доир: Путинни қасри нима бўлибди? Месси ундай қасрлардан кўпроғини қура олади? Сирлар фош бўлди…

Бу мақола айни пайтда иқтисодий инқироздан қутилиш йўлини топа олмаётган Каталония клубини янада мураккаб аҳволга солиб қўйди. Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича шартноманинг молиявий маълумотлари махфий сақланиши лозим эди ва уни Мессидан ташқари, яна уч киши биларди.

Аргентиналик футболчи ва “Барселона” ўртасида 2017 йилда тузилган охирги тўрт йиллик битимга  биноан, Месси жами 555 миллион еврони қўлга киритиши белгиланган. Шундан 138 миллион евро ҳар мавсумдаги кафолатланган йиллик маош ва бонуслар ҳисобланади. Лео яна 115 миллион еврони битимни имзолашга рози бўлгани учун “кўтарма пули” шаклида олган. Унинг клубга садоқати учун каталонияликлар 78 миллион евро миқдорида бонус тақдим этиши керак. “Барселона”ни оғир аҳволга солган ушбу битим шу йилнинг 30 июнига қадар давом этади.

Мессининг маоши ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлганидан кейин футболчининг ўзи қаттиқ ғазабланган. У махфий тарзда сақланиши керак бўлган ҳужжатлар қандай қилиб, омма эътиборига тарқатилганини тушунмай қолди. Лео буни ўзига нисбатан хоинлик, деб қабул қилди.

Манбаларнинг маълум қилишича, аргентиналик тўпурар клуб ичида ўзига нисбатан ғараз ниятда юрган кимсалар борлигидан хавотирда ва янги можаро сабабли, “Барселона”дан бутунлай кетишга қарор қилган.

Ўз навбатида,  Каталония клуби ҳам вазиятга ойдинлик киритишга киришиб кетди.

– “Барселона” футбол клуби ва футболчи Лионель Месси томонидан имзоланган ўртадаги шартнома ҳақидаги маълумотлар El Mundo газетасида чоп этилганидан афсусдамиз. Бу томонларнинг келишувига кўра, махфий сақланиши керак бўлган ички ҳужжат бўлганига қарамай, оммавий тарзда тарқатилди.

“Барселона”футбол клуби бу ҳужжатнинг чоп этилиши бўйича масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига олмайди, клубга тегишли махфий ахборотлар сиздирилгани ва чоп этилгани ортидан клубга зарар етган тақдирда, El Mundo газетасига нисбатан ҳуқуқий чора кўради.

“Барселона” футбол клуби Лионель Мессини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва шу жамоа таркибида ўйнаб, дунё футболи тарихида энг яхши ўйинчи бўлиб қолаётган футболчи билан клуб  ўртасидаги  муносабатларни бузишга қаратилган ҳар қандай уриниш ва хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди, – деб баёнот тарқатди “Барселона” ўз расмий сайти орқали.

Каталония клубининг мазкур баёноти Лионель Мессини зиғирчалик ҳам қониқтиргани йўқ.  Аргентиналик тўпурар маошига доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларига сиздирилгани ортидан клуб раҳбарларини судга беришга қарор қилди. Айни пайтда футболчининг адвокатлари бу бўйича иш бошлагани маълум қилинди.

Яна бир нуфузли нашр – Marca журналистларининг аниқлик киритишича, Месси унинг маошига алоқадор маълумотларга эга бўлган уч кишини судга тортмоқчи. Булар “Барселона”нинг собиқ президенти Хосеп Мария Бартомеу, футболчи билан шартнома имзоланишига масъул бўлган ижрочи директори Оскар Гау ва айни пайтда клуб президенти вазифасини бажараётган Карлес Тускетсдир.

Бу воқеа Лионель Месси ва клуб раҳбарияти ўртасидаги мураккаб муносабатларни боши берк кўчага тиқиб қўйди. Қолаверса, клуб иқтисодий инқирозни рўкач қилиб, футболчи ва ходимлар маошини аёвсиз қисқартираётган бир пайтда, жамоа сардорининг жимгина юриб, ярим миллард евродан ортиқ маблағни “илиб кетиши” унинг имижига қандай таъсир қилади? У клубни қутқариш  учун маошининг катта қисмидан кечишга рози бўлган ва Мессини етакчилигини тан олиб, унга эргашган жамоадошлари кўзига энди қандай қарайди?

Шундай экан, Месси ёзда “Барса”дан кетадиган кўринади…

sports.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг