Президент илтимосига «йўқ» дея олмаган «қария»

У жаҳон футболидаги ноёб шахс саналади. Тўлиқ исм-шарифи Альбер Роже Моо Миллер. Аммо туғилганлик гувоҳномасидаги хатолик сабаб фамилияси Милла бўлиб кетган. Роже айни навқирон пайтида эмас, балки «миллионлар ўйини» учун анча катта ёшда, аниқроғи, 38 га тўлганида шон-шуҳрат чўққисига чиққан. “Жодугар қария” деган лақаб олиши ҳам шундан.

Милла Камерунда темирйўлчи оиласида туғилган. Хонадонда тўрт фарзанд вояга етаётганди. Отаси касби сабаб оиласи билан бир жойдан иккинчисига кўчиб юрарди. Лекин Роже қаерда бўлмасин футбол ўйнаш имконини топарди. Тўп билан ажойиб муомала қилгани учун болалигидаёқ уни Пеле деб чақиришарди.

13 ёшга тўлганида Рожени Дуала шаҳрининг «Эклер» жамоасига қабул қилишди. Беш мавсумдан сўнг «Леопардс» клубига ўтиб, Камерун чемпиони бўлди. Кейин «Тоннере» жамоаси сафига бориб қўшилди.

1976 йилда Миллани Африка қитъасининг энг кучли футболчиси деб топишди. Қизиғи, бу пайтда у ҳали Камерун терма жамоасида битта ҳам ўйин ўтказмаганди. “Тоннере” клуби билан Африка қитъаси кубок эгалари кубогида ғолиб чиққани унга шундай эътироф олиб келди.

Одатда, африкалик футболчилар Европа клубларидан таклиф тушишини кутиб яшашади. Қаҳрамонимиз ҳам ана шундай орзулар оғушида эди. Ниҳоят, Франциянинг «Валансьен» клубидан таклиф олди. Бироқ ҳужумчи кутганидек бўлиб чиқмади. Захира ўриндиғи ўйинчисига айланди. “Монако” клубига ўтгач, вазият ўнглангандек бўлди.Майдонга туша бошлаган ҳам эдики, жароҳат олди. 1980 йилда «Бастия» жамоаси аъзосига айланди. Аммо вазият у қадар ўзгармади. Боз устига француз газеталари Африканинг 1976 йилги энг кучли футболчисини машғулотларда астойдил ишламаслиги, вақт- вақти билан ватани Камерунга жуфтакни ростлаб қолиши ҳақида ёзишни канда қилишмади. Оқибатда француз футболида Роже тўғрисида нотўғри тасаввурлар пайдо бўлди. Фақатгина иккинчи дивизионда ўйнаётган “Сент-Этьен” сафига ўтгачгина унинг ишлари бароридан кела бошлади. Бу жамоа сафида 31 ўйинда 22 та гол киритди. Кейин «Монпелье» жамоасига ўтиб мазмунли ўйин намойиш этди.

Роже Милланинг Камерун терма жамоаси сафидаги фаолияти буткул ўзгача кечди.1982 йилда Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида учта учрашувда майдонга тушди. 1984 ва 1986 йилларда Африка чемпиони бўлди. Францияда у ўз имкониятларини юзага чиқара олмай турган паллада ўз ватанида суперюлдузга айланиб улгурганди. Қуйидаги далил бунинг яққол исботи: 1987 йилда Роже Милла терма жамоадаги фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилади. Шунда унинг терма командадаги хайрлашув матчини кўриш учун стадионга 110 минг томошабин келади.

Катта футболдаги фаолиятини якунлаган 37 ёшли Роже Милла Францияда яшаётган эди. Лекин 1990 йилги жаҳон чемпионати бошланишига яқин вақт қолган паллада тўсатдан унинг уйига қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарган эди, «Сиз билан Камерун Президенти гаплашмоқчи» деган овоз келди. Мамлакат Президенти телефондаги суҳбат чоғида «Сиздан терма жамоага қайтишингизни, жаҳон чемпионатида қатнашишингизни ўтиниб сўрайман», деди.

Давлат раҳбарига «Йўқ», деб бўларканми?! Роже рози бўлди. Лекин мундиалга шунчаки қатнашиш эмас, борганга яраша муносиб ўйин намойиш этиш керак эди. Футбол билан амалда хайрлашиб бўлган Милла бу вазифани ортиғи билан уддалади. Ўзининг тезкорлиги, ажойиб алдамчи ҳаракатлари, майдонни яхши кўра олиши ва аниқ зарбалари билан барчани ҳайратга солди. Ҳатто бу ўзига хос ҳужумчининг ёши салкам қирқдалигига ишонмаганлар ҳам бўлди.

Италияда бўлиб ўтган бу жаҳон чемпионатида Милла тўртта гол киритди. У ҳар бир голини бурчак тўпи тепиладиган байроқча олдига бориб рақсга тушган ҳолда нишонларди. Кейинчалик голни шу тариқа нишонлаш футболчилар ўртасида ўзига хос анъанага айланиб қолди.

Айтмоқчи, бизу сизга номи яхши таниш Валерий Непомняший ўшанда Камерун терма жамоаси бош мураббийи эди. Бу мураббий ёшлигида Самарқандда армия хизматини ўтаган. Орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистон терма жамоаси ва «Пахтакор» да бош мураббий вазифасида ишлаганди. Шу мутахассис устозлик қилган камерунлик футболчилар жаҳон чемпионатида дунёни ларзага келтиришган эди, десак адашмаймиз.

Улар гуруҳдаги дастлабки учрашувда Марадона етакчилигидаги Аргентина терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Кейинги ўйинда эса Роже Милланинг икки голи Руминия терма жамоасини мағлубиятга учратиш имконини берди. Ўз гуруҳларида 1-ўрин билан кейинги босқичга чиққан Непомняший шогирдлари Колумбия терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгишди. Ҳар иккала голни Роже Милла ўз ҳисобига ёзиб қўйгани ҳам ёдимизда. Фақат чорак финалга келиб камерунликлар Англия терма жамоасига қарши кечган драматик баҳсда 3:2 ҳисобида енгилишди. Ваҳоланки, ўйин асосий вақти тугашига 8 дақиқа қолганида улар 2:1 ҳисобида олдинда боришаётганди. Лекин кейин инглизлар Гари Линекер томонидан пенальтидан киритилган икки гол эвазига ғалабани илиб кетишди.

Бироқ мундиал чорак финалига етиб келишнинг ўзи ҳам Африка футболи учун катта ютуқ эди. Камерунликлар қитъада биринчи бўлиб шундай натижага эришдилар.

Орадан тўрт йил ўтгач, Милла яна жаҳон чемпионатига йўл олди. Тўғри, ички низолар терма жамоанинг ўйинига таъсир ўтказди, камерунликлар мундиалда муваффақиятсиз қатнашдилар. Бироқ Роже Милла ўшанда ҳам бўш келмади. Россия терма жамоаси дарвозасига гол киритиб, футбол тарихида мисли кўрилмаган натижани қайд этди. Жаҳон чемпионатида гол киритган ёши энг улуғ футболчига айланди. Бу пайтда у 42 ёшда эди.

Бундан ташқари, Роже яна бир нечта рекорд ўрнатган. Масалан, у учта жаҳон чемпионатида қатнашган биринчи африкалик футболчи саналади.

Ҳозир қаҳрамонимиз оиласи билан Монпельеда истиқомат қилмоқда. Маҳаллий клубда ишлаяпти. Халқаро миқёсдаги турли хайрия акцияларида, масалан, СПИДга қарши кураш тадбирларида фаол қатнашяпти.

Футболдаги шахсий ютуқларига келсак, у ФИФА томонидан дунёнинг энг кучли 100 футболчиси рўйхатига киритилган. Африканинг ўтган асрдаги энг кучли иккинчи футболчиси деб топилган. Икки бор Африканинг «Олтин тўп»ини қўлга киритган. Камеруннинг уч карра энг кучли футболчиси саналади.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг