«Манчестер Юнайтед», «Торино» ва «Пахтакор». Футбол тарихидаги энг даҳшатли авиаҳалокатлар ҳақида

Бразилиянинг тўртинчи дивизионида ҳаракат қиладиган «Палмас» клуби футболчиларидан иборат самолёт 24 январь, якшанба тонгида авиаҳалокатга учради. Самолёт бортида бўлган клуб президенти ҳамда тўрт футболчи ҳалок бўлди. Шу муносабат билан «Спорт-Экспресс» нашри футбол оламига таъсир кўрсатган энг даҳшатли авиаҳалокатларни ёдга олди. «Дарё» қуйида ушбу мақолани ўзбек тилида тақдим этади.

«Торино», Италия

Сана: 1949 йил 4 май

Қурбонлар сони: 31 киши
Ҳозир Италияда «Ювентус» ҳукмронлик қилмоқда, ўтган асрнинг 40 йилларида эса А Серияда «Торино»га тенг келадигани йўқ эди. Етти йил ичида клуб беш марта скудеттони қўлга киритганди ва Италия футболи тарихида олтин дубль қайд этган биринчига жамоага айланганди. «Торино»нинг буюк тарихи жамоа аъзолари, раҳбарлар ва бир нечта журналистлар бўлган самолёт Лиссабондан «Бенфика»га қарши ўртоқлик учрашувидан қайтаётганда ўз поёнига етади.

Барселонада ёнилғи қуйган лайнер Турин томон йўл олади, аммо белгиланган манзилдан 12 километр узоқликда кучли туманга дуч келинади. Учувчи инстинктларига суянган ҳолда қўнишни амалга оширмоқчи бўлади ва самолёт қаноти билан маҳаллий тепаликларнинг бирида қурилган панжараларга тегиб кетади. Шундан сўнг самолёт ерга қулайди, бортдагилардан эса ҳеч ким омон қолмайди. Ўша жамоадан жароҳати туфайли уйда қолган Лауро Томагина бахтли тасодиф туфайли ўлимдан қутулиб қолган.

«Манчестер Юнайтед», Англия

Сана: 1958 йил 6 февраль

Қурбонлар сони: 23 киши

Буюк Мэтт Басби жамоаси «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг иқтидорлиларидан бири бўлган, унинг фожиаси эса «қизил иблислар» Чемпионлар Кубоги ярим финалига йўл олган пайтга тўғри келган. Англияликлар Белграддан «Црвена Звезда»га қарши ўйиндан қайтаётган эди ва Мюнхенда ёнилғи қуйишга тўхталади. Шундан сўнг самолёт чап двигателидаги носозликлар туфайли икки марта ҳавога кўтарила олмайди, аммо экипаж командири учинчи бор уринишга қарор қилади.

Бунинг устига ўша куни кучли қор ёғаётганди. Ёғингарчиликлар тўпланиб қолганлиги сабабли самолёт учиш-қўниш йўлаги охирида тезликни йўқотади. Аэропорт тўсиғини ёриб ўтган самолёт турар-жой биносига бориб урилади. Ўша пайтда бортда 44 киши бўлиб, улардан йигирма нафари вафот этади. Улар орасида уч мураббий ва «Манчестер Юнайтед»нинг саккиз футболчиси ҳам бор эди. Орадан ўн йил ўтиб, Басби Мюнхенда омон қолган Бобби Чарлтон ва Билл Фоулкс билан биргаликда Европа Кубогида зафар қучади.

«Стронгест», Боливия

Сана: 1969 йил 26 сентябрь

Қурбонлар сони: 74 киши
«Стронгест»нинг 19 нафар футболчиси бўлган йўловчи самолёти Санта-Крусдан Ла-Пасга парвоз қилаётганди. Лайнер Анд тоғлари устидан учиб ўтаётганда борт билан алоқа узилиб қолади, бир соат ўтгач эса самолёт радарлар кузатувидан ҳам ғойиб бўлади. Самолёт қолдиқлари эртаси куни кечқурун топилади, аммо фожианинг аниқ сабабини билишнинг имкони бўлмайди. Тахминларга кўра бортда ёнғин содир бўлган ва тутун экипажни фавқулодда қўнишга мажбур қилган. Буларнинг барчаси кучли қорбўрон билан бирга самолётни Чокетанг тоғига қулашга олиб келган.

«Пахтакор», Ўзбекистон (СССР)

Сана: 1979 йил 11 август

Қурбонлар сони: 178 киши

Днепродзержинскда авиация тарихидаги энг катта фожиалардан бири юз берган. Бу «Пахтакор» футболчилари маҳаллий «Динамо» билан ўйин учун Тошкентдан Минскга учиб келаётган одатий рейслардан бири эди. Диспетчернинг хатоси туфайли ичида «пахтакорчилар» бўлган лайнер Челябинск–Воронеж–Кишинёв йўналишидаги бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳалокатда 178 киши, жумладан, 14 нафар футболчи ва «Пахтакор»нинг уч нафар ходими ҳалок бўлади.

Замбия терма жамоаси

Сана: 1993 йил 23 апрель

Қурбонлар сони: 30 киши
Ушбу Африка жамоасининг самолёти 1994 йилги Жаҳон Чемпионати саралаши учун Сенегал томон йўл олган эди. Парвоз ёнилғи қуйиш учун учта қўнишни ўз ичига олганди. Биринчисидан кейин двигатель билан боғлиқ муаммолар аниқланади, аммо учувчи парвозни давом эттиришга қарор қилади. Кейингисида эса лайнер муваффақиятли қўнишни амалга оширади ва ёнилғи қуяди ҳам, аммо парвоз пайтида муаммоли двигатель ёниб кетади, ваҳимага тушган учувчи эса иккинчи двигателни ўчиради. Шу тариқа самолёт денгизга қулаб тушади ва бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлади.

«Шапекоэнсе», Бразилия

Сана: 2016 йил 28 ноябрь

Қурбонлар сони: 71 киши

Аввалроқ «Шапекоэнсе» Бразилия А Сериясига йўлланмани қўлга киритди, аммо тўрт йил олдин ушбу жамоа қитъа майдонларини ёндириб ташлаётганди ва Жанубий Америка Кубоги финалига қадар етиб борганди. Аммо Колумбиянинг «Атлетико Насёнал» клубига қарши биринчи ўйинга учиш ҳалокатли бўлиб чиқди ва барчасига якун ясади. Парвоз харажатларидан тежаш, бортдаги ускуналар билан боғлиқ муаммолар ва ёнилғи етишмаслиги лайнернинг тоғга урилиши билан якун топди.

Қутқарувчилар етти кишини тирик ҳолда топишга муваффақ бўлди, улар орасида тўрт нафар футболчи ҳам бор эди. Кейинчалик улар орасидаги жамоа дарвозабони Данилу касалхонада вафот этади. Ушбу фалокат 71 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Булар – жамоа мураббийлар штаби, клуб раҳбарлари, футболчилар, журналистлар, мухлислар ва экипаж аъзолари.

Эмилиано Сала

Сана: 2019 йил 19 январь

Қурбонлар сони: 2

2019 йилда аргентиналик ҳужумчи Эмилиано Сала ҳаётида муҳим воқеа юз берганди – у Франциянинг «Нант» жамоасидан ўша пайтда АПЛда ҳаракат қилган «Кардифф»га ўтганди. Англияга бориш учун 59 ёшли Дэвид Иббоцон бошқарган хусусий самолёт ижарага олинади. Учувчи гарчи об-ҳаво яхши бўлишини кутган ва парвозни кечиктирган бўлса-да, вазият ёмонлашишига қарамай, учишга қарор қилади. Парвоз пайтида баландликни пасайтириш тўғрисида бир нечта кўрсатмалар келиб тушади, шундан сўнг самолёт тезликни кескин ошириб, айланишни ва баландликни ўзгартира бошлайди. Охир-оқибат, лайнер Ла-Манш канали устига қулаб тушади. Бир неча кундан сўнг эса ҳалокат рўй берган ҳудуддан Саланинг жасади ва самолёт қолдиқлари топилади.

daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг