Этик тозаловчи бола қандай қилиб миллионерга айланди?

Яя Туре 1983 йилда Кот-д’Ивуар давлатининг Буаке шаҳрида туғилган. У оиладаги тўққиз фарзанднинг иккинчиси эди. Жуда камбағал яшашарди. Айрим манбаларда Яянинг болалик пайтида кунига атиги бир маҳал овқат егани ёзилган.

Ота-онасига хийла бўлса-да ёрдам бермоқ ниятида акаси Коло билан пойабзал тозаловчилик қилишарди. “Миллионлар ўйини” билан жиддийроқ шуғулланиш имконияти туғилган заҳоти акаси футбол мактабига кетиб қолди. Яя эса одамларнинг оёқ кийимини тозалашда давом этди. Бироқ мавриди келиб Яя бу иш билан қашшоқликдан халос бўлиш имкони йўқлигини англаб етди. Камбағалликдан қутилишнинг ягона йўлини футболда кўрди.

Ўзининг дастлабки футбол жамоасига келиб қўшилганида ҳамма унга ажабланиб қарарди. Гап шундаки, ҳаддан зиёд новча бу боланинг оёғида бутсиси йўқ эди. Ўзига савол назари билан қараганларга “Ялангоёқ яхшироқ ўйнайман”, деб жавоб қайтарарди. Чиндан ҳам бутсисиз ўйнашига қарамай у бошқа тенгдошларидан ажралиб турарди. 10 ёшга тўлганда у илк бор оёғига бутси кийди. Бу пайтда акаси Коло маҳаллий ёшлар жамоасининг етакчи футболчисига айланиб улгурганди.

Мамлакатда таниқли АSEC Mimosas клуби ёшлар академиясига қабул қилингунига қадар уч йил давомида у тўп билан муомала қилиш устида ишлади. Бу академияда 4 йил ўтказгач, 17 ёшида ўсмирлар жамоасига қабул қилинди.

Яя ўз оиласининг камбағаллигини атрофдаги одамлар сабабчи бўлган, деб ҳисоблар ва айнан шу одамлар кўмагида қашшоқликдан халос бўлиш мумкин, деган фикрда эди. Бу бирёқлама қарашдек туюлса – да, Яянинг ҳақлигини кўрсатувчи жиҳат йўқ эмас. Ахир, яхши футболни томоша қилиш учун одамлар яхши ҳақ тўлашади. Бу эса бадавлат бўлишнинг бир йўлидир.

Қаҳрамонимиз ўз жамоасининг мамлакат чемпионатида ғолиб чиқишига жуда катта ҳисса қўшди. Бу эса уни элга танитди. Бу орада мамлакат раҳбарлари ёш футболчиларни тарбиялаш, уларни Европа клубларига жўнатиш ҳаракатига тушдилар. Яяда шу тариқа ўзининг бир гуруҳ тенгдошлари қатори Бельгия чемпионатида кучини синаб кўриш, маҳоратини ошириш имконияти туғилди. Шу аснода Англиянинг «Арсенал» клуби кўригида ҳам бўлди. Аммо инглиз клубининг ўша пайтдаги бош мураббийи Арсен Венгерга унинг майдондаги ҳаракатлари у қадар маъқул тушмади. Венгер ён дафтарчасига у ҳақида «Тўлақонли ўртамиёна ўйинчи» деб ёзиб қўйди. Шунга қарамай, «Арсенал» уни харид қилмоқчи бўлди. Аммо клуб Яянинг ишлаши учун тегишли рухсатнома ола билмади. Натижада қаҳрамонимиз Украинанинг «Металлург Донеск» клуби сафига бориб қўшилди. Бу ерда унинг болаликдаги дўстлари ҳам тўп суришаётганди.

Орадан кўп вақт ўтмай Яя Европа клублари назарига тушди. Грециянинг «Олимпиакос» жамоаси сафида у машҳур футболчи Ривалдо билан ёнма-ён ўйнаш бахтига сазовор бўлди. Кот-д’Ивуар терма жамоаси билан 2006 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Шундан сўнг Европанинг гранд клублари унга қизиқиш билдира бошлашди. Франциянинг «Монако» клуби Яя Туренинг трансфери учун 5 миллион фунт стерлингга яқин пул тўлаб уни ўз сафига қўшиб олди. Ваҳолонки, атиги 12 ой муқаддам «Олимпиакос» бу футболчи учун украин клубига 2,5 миллион фунт стерлинг тўлаганди. Француз клуби мураббийи Лоран Баниде Яя ҳақида шундай деганди: “Яя ажойиб техникага эга. Майдонда у ўз гавдасидан оқилона фойдалана билади.Бу футболчининг қўлидан ҳамма иш келади”.

Яянинг кейинги клуби «Барселона» бўлди.Кейин эса Англиянинг “Манчестер Сити” клуби сафига бориб қўшилди. Бу иккала номдор клубда ҳам у ажойиб ўйинлар намойиш этди. “Янги Патрик Виейра” деган номга сазовор бўлди.Хусусан, “МанСити”даги ўйинлари унга катта шон-шуҳрат олиб келди. “Шаҳарликлар” сафидаги дастлабки тўрт мавсумда у икки бор мамлакат чемпиони бўлди. Мамлакат Кубоги, Суперкубоги ва лига Кубогини қўлга киритди. Туре нафақат ҳужумларни ташкил этиш, балки тўпурарлик бобида ҳам беназир эканини кўрсатди. Масалан, 2013 – 2014 йилги чемпионлик мавсумида 24 та гол киритган ҳолда жамоанинг энг кучли тўпурарига айланди. Серхио Агуэро, Эдин Жекодек маҳоратли ҳужумчилардан ҳам ўзиб кетди.

Жисмоний имкониятлари, майдонда жуда катта ҳажмдаги ишни бажариши, ҳаводаги тўп учун курашда енгилиш нималигини билмаслиги чиндан ҳам Патрик Виейрани эслатарди. Машғулотларда қаттиқ тер тўкарди. Жамоадошлари уй-уйларига тарқалишган кезда ҳам унинг майдонда қолиб, машқ қилаётганини кўриш мумкин эди. “Амалиёт кишини такомиллаштиради” деган шиорга амал қиларди.

— Айнан Мануэл Пеллегрини “МанСити”ни бошқарганида зиммамга катта масъулият тушди, — дея эслайди Яя. — У жамоага келган заҳоти менда етакчилик қобилиятини кўраётганини айтди. Пеллегрини “Венсан Компани — капитан. Лекин у майдонда йўқ паллада сен сардор бўласан”, деди. Мен “Бунга тайёр эмасман” дедим. Мураббий эса “Мен жамоадаги футболчилар билан қандай гаплашаётганингни кўриб турибман. Ҳатто тушлик қилаётганда ҳам сизлар футбол ҳақида гаплашасизлар”, деди. Шу тариқа мен Компани майдонга тушмаган пайтларда жамоа сардори вазифасини бажардим.

Туре исломга эътиқод қилади. Буни Англиядаги ўйинлардан кейин футболчиларнинг шампань ичимлиги ичиш одатига амал қилмаганидан ҳам билиш мумкин.

Яна бир гап. Яя Туре мамлакат Президенти даражасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. Кот-д’Ивуар терма жамоасининг Африка Миллатлар кубогидаги ғалабасидан кейин давлат раҳбари бу зафарни нишонлаш чоғида уни ўз кортежига таклиф қилганди. Қаҳрамонимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг браконьерликка қарши кураш кампаниясига қўшилиб, элчи мақомида фаолият юритгани ҳам эътиборга молик.

Айтмоқчи, тирикчилик важидан болалигида пойабзал тозалаш билан шуғулланишга мажбур бўлган Яя Туренинг номи айни пайтда Африканинг энг бадавлат ўн футболчиси рўйхатида турибди. Унинг футболдан ишлаб топган бойлигини 70 миллион АҚШ доллари миқдорида деб баҳолашмоқда. Бу пулнинг асосий қисмини «Манчестер Сити» билан тузган 8 йиллик шартномаси шарофати билан ишлаб топган. Бу ерда Яя ҳафтасига 230 минг долларга яқин маош оларди.

Яя Туре 2011, 2012, 2013 ва 2014 йилларда Африканинг энг кучли ўйинчиси деб топилган. Греция, Испания, Англия чемпиони саналади. У инглиз, рус, француз ва испан тилларида эркин гаплаша олади. Айни пайтда қаҳрамонимиз ўз кучини мураббийлик соҳасида синаб кўриш ниятида.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

xs.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг