Футболдаги энг қизиқарли воқеалар: Ўз дарвозасига гол киритиш бўйича рекордчи футболчи, нафақат футбол, балки хоккей дарвозабони бўлган футбол юлдузи

Футбол миллионлаб мухлисларнинг севимли ўйини эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Шу боисдан футболдаги қизиқарли факт ва воқеалар кўпчилик учун қизиқарли. Қуйида шуларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Пенальти яъни ўн бир метрлик жарима тўпи тарихда илк бор Ирландия футбол лигасида жорий этилган. Бу ибора ирланд футбол эксперти Жон Пенальти шарафига қўйилган. Жон 1891 йилда рақиб жарима майдончаси ичида ҳимояланаётган жамоа қўпол ҳаракат қилганида ёки тўпни қўл билан ўйнаганида шундай жарима зарбаси белгилаш таклифини илгари сурган.

Буэнос-Айрес (Аргентина) шаҳридаги стадионда бир ғалати эксперимент ўтказилган. Ундан мақсад бўйдоқ футболчиларнинг оилали ўйинчилардан устунлигини исботлаш бўлган. Уйланган футболчилар жамоаси дарвозасига 11 метрлик жарима тўпи белгилангунига қадар ҳаммаси тинчгина бораётганди. Аммо жарима тўпи дарвоза тўридан жой олган заҳоти майдонга футболчиларнинг хотинлари югуриб чиқишади. Улар учрашув ҳакамини майдон ташқарисига чиқариб қўйиб, турмуш ўртоғларини ғолиб , деб эълон қиладилар. Бўйдоқлар нохушлик юз бермасин, деб эътироз билдиришмади. Эксперимент барбод бўлди.

Лев Яшин нафақат футбол, балки хоккей дарвозабони ҳам эди. 1953 йилда у хоккей бўйича СССР Кубоги соҳиби бўлди, мамлакат чемпионатида эса бронза медалини қўлга киритди. Яшинни хоккей бўйича жаҳон чемпионатига қатнашиш учун ҳозирлик кўраётган мамлакат терма жамоасига таклиф қилишган. Аммо у бор диққат-эътиборини футболга қаратишни маъқул кўрган.

Бразилиялик ҳимоячи Пинейро ўз дарвозасига гол киритиш бўйича рекордчи саналади. Бир мавсумнинг ўзида у жамоаси дарвозасини ўн бор ишғол этган. Футболчи 25 ёшини нишонлаганида сафдошлари унга компас совға қилишган. Компас четида «Рақиб қайси томонда эканини ёдда тут», деган ёзув туширилган эди.

Бразилиянинг «Какова» футбол жамоаси чемпионатда дуруст қатнашаётганди. Аммо у кутилмаганда мамлакат ички ишлар вазирининг буйруғи билан тарқатиб юборилади. Гап шундаки, жамоа асосан полициячилардан таркиб топганди. Унинг иштирокидаги ўйинларга полиция либосидаги мухлисларнинг бутун бошли наряди келар, стадиондаги тартиб-интизомга ҳамма қойил қоларди. Аммо ўйин пайти стадион ташқарисида, аниқроғи, шаҳарда жиноятчиларнинг куни туғарди. Оқибатда вазир шаҳарда ўғрилик, босқинчилик каби нохуш ҳолларнинг олдини олиш учун «Какова»ни тарқатиб юборишга қарор қилган.

Ўтган асрнинг 50-йиллари охирида Италиянинг Сиена шаҳрида футбол ҳакамлари икки жамоага бўлиниб, ўзаро ўйнашади. Ҳаммаси яхши бораётганди. Аммо бир жамоанинг дарвозасига баҳсли гол киритилгач, тортишув келиб чиқади. Ўйин қонун-қоидасини яхши билган 22 нафар ҳакамнинг ҳар бири ўзининг ҳақлигини исботлашга тушади. Баҳслашув охир-оқибат муштлашувга айланади.Полициянинг аралашишига тўғри келади.

1969 йилда жаҳон чемпионати саралаш босқичи плей-офф ўйинида Гондурас терма жамоаси Сальвадор терма командасига ютқазиб қўйди. Бу мағлубият икки давлат ўртасидаги олти кунлик урушга сабаб бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг