Қашшоқликдан юлдузликкача. Конор Макгрегорнинг қандай қилиб миллионерга айлангани ҳақида

«Муваффақиятли инсонларнинг учта сири бор: ўзига бўлган ишонч, ижобий фикр, ҳалол ва машаққатли меҳнат. Кўпчилик ушбу учта принципни билади, аммо улардан жуда камчилиги буларни амалда қўллайди», – дейди Конор Макгрегор ўз муваффақияти ҳақида.

Дарҳақиқат, Конорнинг бу гапларни баралла айтишига тўлақонли равишда ҳақи бор: оддий ирланд оиласидан чиққан йигит нафақат ишсизлик нафақасини олувчи инсондан аралаш жанг санъатларининг энг машҳур вакилига айланди, балки ушбу спорт турини янада оммалашишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Ҳозирда UFC шунчаки очко, зарба ва сониялар эмас. У аллақачон томошабинларнинг овунчоғига айланиб улгурган.

Ўзини тутиши, UFC билан моҳирона муомаласи ва ҳеч бўлмаганда забони билан Макгрегор том маънода тарих ярата олди. Эдди Альварес, Ҳабиб Нурмагомедов ва Нейт Диас билан октагондаги жанглари, шунингдек, Флойд Мейвезер билан рингдаги тўқнашуви ирландиялик спортчининг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.

Тўғри, Конор ҳозир аввалги важоҳатини йўқотган ва анчадан буён жанглар ўтказмаётган бўлса-да, у яна бир неча ўн йиллар давомида ўзи ва атрофидагилари билан бирга яхши ҳаёт кечириш имконига эга.

«Енгил, ярим енгил ёки ярим оғир вазн тоифалари мени қизиқтирмайди, мен қайғурадиган ягона вазн, бу чекларимнинг оғирлиги. Улар эса ўта оғир вазнли», – дейди Конор пуллари ҳақида.

Конорнинг оиласи ва яқинлари ҳақида

Макгрегорнинг асосий бойлиги, шубҳасиз, бу унинг оиласи ва рафиқасидир.

Ирландиялик ўз севгисини тунги клубларнинг бирида учратган. Ўшанда Конор 20, Ди Девлин (Конорнинг рафиқасининг исми шундай) эса 18 ёшда эди. Шундан сўнг жуфтлик Дублин яқинида ижарада оғир йилларни бошдан ўтказган, ўша йиллари Макгрегор сантехник бўлиб ишлар ва ойига 186 евро топарди. Девлин эса бу вақт давомида Конорнинг ёнида бўлди ва йигитчани имкони етганича қўллаб-қувватлади.

«У фаолиятимнинг бошидан бери мен билан бирга бўлган, ўша пайтда менда умуман ҳеч нарса йўқ эди. У мени машғулотларга олиб борар, орзуларимни тинглар ва бутун фаолиятимга ёрдам берарди. Агар у бўлмаганида, мен ҳозир турган жойимга чиқа олмас эдим. Уни ишга олиш, у билан дунё бўйлаб саёҳат қилиш ва у истаган нарсаларни бера олиш имкониятига эга эканлигим мени ғурурлантиради», – дейди Макгрегор рафиқаси ҳақида.

Ҳозирда бахтли жуфтлик икки нафар фарзандни вояга етказмоқда.

Шунингдек, Конор оғир йилларда ёрдам берган оиласига ҳам самимий миннатдорчилик билдиради.

Вақт ўтиши билан уларнинг сафига Конорга устозлик қилган Жон Кавана ҳам қўшилади. У ҳам барча қийинчиликларда Конор билан елкама-елка турган.

«Ҳар бир инсон ўз атрофидаги муҳитнинг маҳсулидир, шу боис ўзимни мақсадларга аниқ йўналтириш учун саводли одамлар билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан», – дейди Макгрегор атрофидагиларга ҳурмат бажо келтирар экан.

Конорнинг кийиниш услуби ҳақида

«Мен ёқтирадиган иккита нарса бор: рақибларимнинг афтини бежаш ва яхши кўринишга эга бўлиш». Ҳақиқатан ҳам, айнан кийиниш услуби, соч турмаги ва соқол ҳам Конорга қўшимча машҳурлик бағишлайди.

Кийимларни эса у жаҳоннинг энг қиммат брендлари бўлмиш Versace, Louis Vuitton, Givenchy, Gucci сингари бутиклардан харид қилади.

Конорнинг соатлари ҳақида

Қўлига оддий электрон соат таққан кунларини табассум билан эслайдиган Конорнинг энг заиф томонларидан бири соатлардир. Ҳозирга кунда MMA юлдузининг тортмасида Rolex (Cosmograph Daytona), Oyster Perpetual Yacht-Master II, Perpetual Sky-Dweller, Oyster Perpetual, Hublot (MP-05 LaFerrari Sapphire, Franck Muller, Patek Philippe (Nautilus), Audemars Piguet, Royal Oak Offshore каби дунёга машҳур брендларни кўриш мумкин. Уларнинг умумий қиймати эса нақ 800 минг долларга баҳоланади.

Ижтимоий тармоқлар ва реклама

Конор Интернет тармоғида ўта фаол бўлиб. Уни Twitter’да 8,3 миллион, Instagram’да эса 37,3 миллион инсон кузатиб боради.

Бундан ташқари, унинг суратлари мунтазам равишда спорт ва мода журналлари муқоваларидан ўрин олиб келади.

Шунингдек, Макгрегор реклама шартномаларидан ҳам миллионлаб доллар топишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Конорнинг машиналари ҳақида

Автомобильлар борасида ҳам Конор ўзига энг яхшиларини раво кўради. Хусусан, унинг гаражидан BMW и8 (155 минг доллар), Mercedes-Benz A200 Sedan (36 минг доллардан бошланади), Mercedes-Benz S550 Coupэ (120 минг доллар), McLaren 650С (280 минг доллар), Cadillac Escalade (93 минг доллар), Range Rover (160 минг доллар), Rolls-Royce Ghost (400 минг доллар), Rolls-Royce Phantom Drophead Coupe (880 минг доллар) Lamborghini Aventador’ни (345 минг доллар) кўриш мумкин.

Бундан ташқари, Конор 4 миллион доллар ва 3 миллион долларлик иккита яхтага ҳам эгалик қилади.

Шунингдек, унинг ихтиёрида Испаниядаги ҳам вилла мавжуд бўлиб, у шундоққина соҳил бўйида жойлашган. Унинг нархи 2,2 миллион долларни ташкил қилади.

Ва, албатта, ватани Ирландияда ҳам уйи бўлиб, унинг нархи бироз камтарроқ – 2 млн евро, аммо бу деворларнинг қиймати пулда эмас, балки уларнинг жойлашган ҳудудидадир:

«Америка ёки Ирландия? Дўстим, агар бу саволни яна бир марта эшицам, юзингни бежаб қўяман. АҚШ ҳеч қачон менинг уйим бўлмайди. Менинг уйим Ирландия. Ватаним билан фахрланаман ва ҳеч нарсага қарамай, бизда ҳамма нарса яхшилигига ишонаман. Америкага келишимнинг ягона сабаби UFC. Ирландия – ер юзидаги энг яхши жой. Мен бахтли ва мағрур ирландман», – дейди Конор ватани ҳақида.

Эътиборга молик томони, Конор ишлаган пулларини фақат сарфлаш билан шуғулланмайди, балки уларни бошқа тадбиркорлик соҳаларига ҳам йўналтиради. Бугунга кунда у бир қатор дастурлар ва иловалар билан бирга спиртли ичимликлар маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган шахсий компаниясига ҳам асос солган.

Манба: daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг